АҚШ ва Европа давлатлари “Толибон”нинг қарорини қоралади
Олам
−
25 Март 2022
14947Аввалроқ, Афғонистондаги мактаблар бошланғич синф ўқувчиларидан ташқари барча қизлар учун ёпиқлигича қолаётгани ҳақида хабар бергандик.
Буюк Британия, АҚШ ва Европа Иттифоқи “Толибон” ҳаракати томонидан тузилган Афғонистон ҳукуматининг ўрта ва катта синф ўқувчи қизларининг мактабга боришини тақиқлаш қарорини қоралайди. Бу ҳақда Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган давлатларнинг қўшма баёнотида айтилади.
“Биз “Толибон”нинг 23 мартдаги кўплаб афғон қизларини мактабга қайтиш имкониятидан маҳрум қилган қарорини қоралаймиз. “Толибон”нинг ҳаракати уларнинг афғон халқи ва халқаро ҳамжамиятга берган очиқ кафолатларига зиддир”, дейилади Буюк Британия, Италия, Канада, Норвегия, АҚШ, Франция ва Европа Иттифоқи Ташқи ишлар вазирлари баёнотида.
Шунингдек, унда “Толибон”ни ушбу “қарорни зудлик билан қайта кўриб чиқишга” чақирилган.
“Бу Афғонистоннинг ижтимоий ҳамжиҳатлиги ва иқтисодий ўсиш истиқболларига, халқаро ҳамжамиятнинг ҳурматли аъзоси бўлиш истагига ва афғонларнинг хориждан [мамлакатга] қайтиш истагига катта зарар етказади”, дейилади баёнотда.
Афғонистон университетлари ва мактабларида дарслар ўтган йилнинг август ойи охирида “Толибон” томонидан мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олиниши ортидан тўхтатилган эди. Кичик ёшдаги ўқувчилар учун мактаблар 19 сентябрь куни қайта очилди, бироқ бунда фақат ўғил болалар ва эркак ўқитувчиларга рухсат берилди.
Бундан ташқари, “Толибон” барча давлат университетларини талаба қизлар таълими учун очиш ҳақидаги ваъдасини бажарган. Жорий йилнинг 26 февралидан бошлаб Афғонистоннинг барча университетларида “Толибон” мамлакатда ҳокимиятни эгаллаб олиши сабабли тўхтатилган ўқув жараёни йигит ва қиз талабалар учун қайта тикланган. Бунда таълим алоҳида олиб борилади: ўғил болалар қизлардан алоҳида ўқийди. Бундан ташқари, қизларга фақат аёллар, ўғил болаларга эса фақат эркаклар дарс ўтиши мумкин. “Толибон” томонидан ағдарилган аввалги ҳукумат даврида ўқитиш аралаш бўлган ва ўқитувчининг жинси муҳим бўлмаган.
Маълумот ўрнида, АҚШ ўз қуролли кучларини мамлакатдан олиб чиқиш қарорини эълон қилганидан сўнг, “Толибон” Афғонистон устидан назорат ўрнатиш учун кенг кўламли операция бошлади. 2021 йил 15 августда “Толибон” жангсиз Қобулга кирди, Президент Ашраф Ғани эса республикани тарк этди. 6 сентябрь куни “Толибон” бутун Афғонистон ҳудуди устидан назорат ўрнатилгани ҳақида, 7 сентябрда эса қонунийлиги ҳали ҳеч бир давлат томонидан тан олинмаган муваққат ҳукумат таркибини эълон қилди.
LiveБарчаси