АҚШ ва Украина 1600 км масофага уча оладиган дрон ишлаб чиқди

Олам

image

Американинг Auterion компанияси АҚШ Уруш вазирлигининг Мудофаа инновациялари бўлими ҳомийлигида Украина билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Artemis ALM-20 узоқ масофали дронини намойиш қилди. Бу ҳақда компания сайтида хабар берилди.

Маълумотларга кўра, дрон 40 кг портловчи моддаларни олиб юриши ва 1600 км масофадаги объектларни нишонга олиши мумкин. У Skynode N борт компьютери ва сунъий интеллект ёрдамида ишлайдиган визуал навигация тизими билан жиҳозланган. Компаниянинг хабар беришича, ушбу технология қурилмага рельеф бўйлаб ҳаракатланиш ва ҳатто GPS носозликлари пайтида ҳам юқори аниқлик билан нишонларни уриш имконини беради.

Маълумотларга кўра, Auterion’нинг лойиҳадаги ҳамкори украиналик ишлаб чиқарувчи бўлиб, хавфсизлик нуқтаи назаридан унинг номи сир тутилмоқда. Artemis’нинг дизайни Эроннинг Shahed ҳужумчи дронини эслатади. Дрон синовлари Украинада ўтказилган ва ерга учириш, йўқолган GPS билан навигация, узоқ масофали парвозлар ва нишонга олишни ўз ичига олган. Муваффақиятли синовлардан сўнг тизим иттифоқдош давлатларнинг Қуролли кучларига ҳам таклиф қилинган. Ишлаб чиқариш линиялари аллақачон АҚШ, Украина ва Германияда ташкил этилмоқда. 

Auterion бош директори Лоренц Майернинг айтишича, дастурий таъминотга асосланган ўзини ўзи бошқариш хавфсизликни таъминлаш тизимини янги босқичга олиб чиқади. Унинг сўзларига кўра, Artemis лойиҳаси оммавий ишлаб чиқариш ва тезкор қўллаш учун яратилган бўлиб, кенг кўламли ҳамда бардошли автоном зарба тизимларини яратиш имконини беради. Auterion очиқ ва жанговар тасдиқланган дастурий таъминотдан фойдаланади, бу янги тизимларнинг ягона мудофаа тармоғига мослашиши ва интеграциясини таъминлайди.

Компанияга кўра, Artemis “қора қути эмас, балки кенгайтириладиган платформа” бўлиб, у турли эҳтиёж ва вазифаларга мослаб ишлаб чиқилиши мумкин. Украинанинг “Defense Express” лойиҳаси таҳлилчилари янги дронни “феноменал” деб атаган. 

“Бу оммавий ишлаб чиқарилаётган, автоном ва узоқ масофага учувчи дрон бўлиб, унинг самарадорлиги Россияга қарши ҳақиқий зарбалар давомида аллақачон исботланган”, дейди компания вакиллари. 

Лойиҳа доирасида “Азов” махсус кучларининг 12-бригадаси жорий йилнинг март ойида кичикроқ Artemis моделларини жанговар синовдан ўтказган. Янги дроннинг зарба бериш радиусида камида 1655 та Россия ҳарбий объекти , жумладан Саратов вилоятидаги Энгелс-2 стратегик бомбардимончи базаси ва Татаристон яқинидаги Алабугадаги ҳужумкор дрон заводи жойлашган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда 120 километргача нишонни топиб, ҳужум қиладиган дрон намойиш этилганди. Дрон “ҳаво мина майдони” сифатида ишлашга ва ҳавода тахминан 80 дақиқа навбатчилик қилишга қодир. Унинг кўтарилиш массаcи 13,5 килограмм, парвоз ва ҳужум тезлиги соатига 108–300 километрни ташкил этади.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

АҚШ Азов Auterion

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг