АҚШ ва Россиянинг разведка раҳбарлари Туркияда музокара ўтказди
Олам
−
14 Ноябрь 2022
7691Бугун, 14 ноябрь куни Туркия пойтахти Анқарада расмий Вашингтоннинг ташаббуси билан Россия-Америка музокаралари ўтказилди. Бу маълумотни ТАССга Россия Федерацияси президенти матбуот котиби Дмитрий Песков тасдиқлади.
“Бундай музокаралар ҳақиқатан ҳам бўлиб ўтди. Бу Америка томонининг ташаббуси эди”, дейди Кремль вакили.
Шу билан бирга, Песков суҳбат мавзусини ошкор қилмади.
“Reuters” агентлиги Оқ уй вакилига таяниб, АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Уильям Бёрнс Анқарада экани ва у ерга Россия Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин билан учрашиш учун келгани ҳақида хабар берган эди.
“Анадолу” агентлигининг Туркия махсу хизматларидаги манбага таяниб, Уильям Бёрнс ва Сергей Наришкин Анқарада музокара ўтказганини хабар қилди. Турк нашрига кўра, учрашув Туркия Миллий разведка ташкилоти (MİT) воситачилигида ўтказилган.
Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг вакили анонимлик шарти билан “Анадолу”га учрашув бўлиб ўтганини тасдиқлаган. Унинг сўзларига кўра, АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқа каналлари очиқлигича қолмоқда. Бу биринчи навбатда ядровий хавф ва стратегик барқарорлик хатарларини бошқаришга алоқадор, дея тушунтирган у.
“Ушбу саъй-ҳаракатлар доирасида Бёрнс бугун Анқарада ўзининг россиялик разведкадаги мавқедоши билан учрашади”, дейди манба.
Агентлик суҳбатдошининг қўшимча қилишича, Бёрнс Сергей Наришкин билан Украинадаги можарони ҳал қилиш масаласини муҳокама қилмайди.
“У фақат Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиши оқибатлари ва стратегик барқарорлик соҳасида кескинликнинг кучайиши ҳақида хабар беради”, деб аниқлик киритган Миллий хавфсизлик кенгаши расмийси.
Унинг қайд этишича, учрашув чоғида Бёрнс Россияда “ноҳақ” ушлаб турилган Америка фуқаролари масаласини ҳам кўтаради.
Манбага кўра, Америка томони Киевни Анқарадаги учрашув ҳақида хабардор қилган ва Вашингтон Украина томони иштирокисиз Украинадаги вазият бўйича музокара олиб бормаслигига ишонтирган.
“Биз ўзимизнинг асосий тамойилимизга қатъий содиқмиз: Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса бўлмайди”, дейди у.
NTV телеканали Туркия махсус хизматларидаги манбаларга таяниб, учрашув РФ ва АҚШ ўртасида алоқа ўрнатиш учун муҳим бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
LiveБарчаси