АҚШ ва Россия Туркия олдидаги мажбуриятини бажармаяпти – Чавушўғлу
Олам
−
28 Октябрь 2021
7133АҚШ ва Россия Суриядаги жангарилар бўйича ўз мажбуриятларини бажармаяпти. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу маълум қилди.
Вазир Сурияда YPG/PKK террорчиларига қарши эҳтимолий операция ҳамда Сурия масаласида Россия Федерацияси ва АҚШ билан алоқалар ҳақида берилган саволга жавоб берар экан, Президент Эрдўғаннинг бу борада керакли баёнотлар берганини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, Анқара АҚШ билан ҳамкорликда ҳамфикр давлатлар йиғилиши ёки Сурияни халқаро қўллаб-қувватлаш гуруҳи ўтказиш таклифини илгари сурган, бу борадаги ишлар давом этмоқда. Туркия ТИВ раҳбарига кўра, бундай шаклдаги музокаралар мунтазам ўтказиляпти.
“Илгари Остона формати бор эди. Энди янги учрашувга эҳтиёж бор. Биз бу хабарни Россияга ҳам, Эронга ҳам юбордик. Сиз гувоҳи бўлгансиз, Асад режимига бу ҳақда айтинг: можаронинг ҳарбий ечими йўқ”, дея таъкидлаган туркиялик мансабдор.
Вазир Дамашқдаги терактлар, ҳукумат кучларининг Идлибга қилган ҳужумлари янги конституция бўйича музокараларга салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлади.
“Бу жараён ягона ечимдир. Яъни режим ва мухолифат музокара столига ўтириб, Сурия келажаги борасида муштарак бир қарорга келиши керак”, деган Чавушўғлу.
Туркия ТИВ раҳбарига кўра, Асад кучлари муаммони ҳарбий йўл билан ечмоқчи, бироқ бу нотўғри йўлдан воз кечиш ва сиёсий жараённи қўллаб-қувватлаш керак.
Чавушўғлу Туркия Суриянинг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш тарафдори эканини қўшимча қилган.
“РКК – барча учун таҳдид. Фақат биз учун эмас, улар учун ҳам. PKK/YPG террорчиларининг ҳужумлари сони ортди. РФ ва АҚШ жангариларни [Туркия чегарасидан] ортга суриш мажбуриятини бажармаяпти. Шунинг учун Анқара муаммони ўз кучлари билан ҳал қилади. Давлат раҳбари ҳам бу ҳақда гапирди”, деган вазир.
Чавушўғлунинг сўзларига кўра, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан музокараларда бу масалани муҳокама қилган ва Америка етакчиси Жо Байден билан учрашувда муҳокама қилиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Эрдўған Шотландиянинг Глазго шаҳрида ўтказиладиган иқлим бўйича халқаро конференцияда Жо Байден билан учрашиши кутиляпти.
LiveБарчаси