АҚШ ва Исроил Натанздаги ядровий объектга зарба берди

Олам

image

Кеча, 21 март куни АҚШ ва Исроил Эроннинг Натанздаги уранни бойитиш мажмуасига зарба берди. Бу ҳақда Эрон атом энергияси ташкилоти хабар қилди.

“Техник баҳолаш натижаларига кўра, радиоактив моддалар сизиб чиқиши кузатилмади ва яқин атрофда яшовчи аҳоли учун хавф йўқ”, дейилади хабарда.

Ташкилот ушбу зарбани “халқаро қонунлар ва мажбуриятлар, жумладан, Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг бузилиши” деб атаган. АҚШ ва Исроил вакиллари ушбу баёнотга ҳозирча изоҳ бермаган.

Эрон ҳужум ҳақида Халқаро атом энергияси агентлигини (МАГАТЭ) хабардор қилган.

“Объект ташқарисида радиация даражаси ошгани қайд этилмади. МАГАТЭ ушбу хабарни ўрганмоқда”, дея жавоб берган агентлик.

Натанз ядровий мажмуасига қилинган аввалги зарбалар

Натанз ядровий мажмуаси Исфахон провинциясида, Теҳрондан 250 км жанубда жойлашган. Унинг мавжудлиги ҳақида 2002 йилда маълум бўлган ва у Эроннинг энг машҳур ядровий объекти ҳисобланади. Мажмуа уранни бойитиш учун мўлжалланган ерусти ва ерости қурилмаларидан иборат. Объектда жами 10 мингдан ортиқ центрифуга мавжуд.

МАГАТЭ баҳосига кўра, Натанзда уран 60 фоизгача бойитилган. Атом электр станциясидан фойдаланиш учун 3–5 фоизгача бойитилган материал кифоя қилади, ядро бомбаси яратиш учун эса 90 фоизли даражага эришиш лозим.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2025 йил ёзидаги Америка зарбалари оқибатида ер устидаги центрифугалар йўқ қилинган эди. Ер ости қурилмаларига зарар етган-етмагани эса номаълумлигича қолган эди. Ўша зарбалар якунида АҚШ Президенти Доналд Трамп “Эрондаги барча учта ядровий объект бутунлай вайрон қилингани” ва уларни тиклаш учун йиллар керак бўлишини айтган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Натанз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг