АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳужумлар тўхтагач, нефть нархлари пасайди
Олам
−
27 июл 2135 2 дақиқа
АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий кескинлик пасайгани ортидан жаҳон бозорида нефть нархлари тушишни бошлади. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, кеча, 26 июль кунги дастлабки савдоларда Brent маркали нефть нархи 4,9 фоизга арзонлаб, бир баррель учун 92,02 долларни ташкил қилган. Бу 24 июль кунги 3,9 фоизлик пасайишдан кейинги навбатдаги тушиш бўлди.
Аввалроқ, Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши ва кенг кўламли уруш эҳтимоли сабабли нефть нархлари кескин ошган эди. Ўтган ҳафта Brent маркали нефть нархи қисқа муддатга 102 долларгача кўтарилиб, май ойидан бери энг юқори даражага етган.
Таҳлилчиларни эса Ҳормуз бўғозидаги вазият хавотирга солган. Мазкур ҳудуд орқали дунё нефтининг қарийб бешдан бир қисми ташилади. Ҳарбий тўқнашувлар сабаб танкерлар ҳаракати чеклангани глобал нефть таъминотига хавф туғдирган.
Нефть ишлаб чиқарувчи давлатлар муқобил йўналишларни излаётган бўлса-да, минтақадаги хавфсизлик муаммолари сақланиб қолмоқда. Хусусан, ўтган ҳафта Саудия Арабистонининг нефтини ташиётган айрим танкерлар Қизил денгиз ҳудудида ҳужумларга учраган.
Нефть нархининг пасайиши ёнилғи бозорига ҳам таъсир кўрсатмоқда. АҚШда оддий бензиннинг ўртача нархи ҳозирда бир галлон учун 4,11 долларни ташкил қилмоқда. Бу кўрсаткич бир ой аввал 3,90 доллар, бир йил олдин эса 3,15 доллар эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Яқин Шарқдаги кескинлашувлар ортидан жаҳон нефть бозорида нархлар кескин кўтарилиб, жорий йилнинг 20 июль кунги ҳолатига кўра, Brent маркали нефть нархи бир баррель учун 90 АҚШ долларидан ошгани ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси