АҚШ ваъдасини бажарди: Оқ уй Россияни жазолаяпти
Олам
−
22 Январь 2022
39498Украина чегараси яқинида 100 минглаб қўшин тўплаган Россияга жавобан, АҚШ ва Ғарб агар у Украинага ҳужумни бошлайдиган бўлса, уни жиддий муаммолар билан “сийлаши” ҳақида огоҳлантирган эди.
Шундай огоҳлантиришлардан бири Москвани иқтисодий муаммолар гирдобида қолдириш бўлган. Буни амалда қўллаш учун эса Европа Россиядан табиий газ импортини тўхтатиши ҳақида огоҳлантирган эди.
Баъзи Европа ва Оқ уй расмийларига кўра, бугун, 22 январь куни Форс кўрфазида жойлашган яна бир йирик табиий газ экспортёри бўлган Қатар ва АҚШ вакиллари ўртасида учрашув ўтказилган.
Воқеадан хабардор икки нафар Оқ уй расмийсининг “Bloomberg”га маълум қилишича, Европани табиий газ билан таъминлаш масаласида музокаралар ўтказиш учун АҚШ Президенти Жозеф Байден Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Сонийни расмий ташриф билан Вашинтонга таклиф қилган.
Очиқланишича, Амир ва Президент ўртасидаги учрашув шу ойнинг охирида ўтказилиши режалаштирилган.
Бундан аввал, Россиянинг Украинага ҳужум қилиш эҳтимоли ортиб бориши сабабли, эҳтимолий уруш содир бўлган тақдирда, Европа Иттифоқи Россиядан газ импортини бутунлай тўхтатишга келишиб олгани ҳақида хабар берган эдик.
2022 йил 15 январь куни АҚШ Давлат департаментининг энергия хавфсизлиги бўйича катта маслаҳатчиси Амос Хокстин Европа Иттифоқининг йирик энергетика компаниялари билан учрашув ўтказган. Учрашувда Россия-Украина уруши сабабли газ таъминоти тўхтайдиган бўлса, АҚШ Европага газни Қатардан импорт қилишда воситачилик қилиши ҳақида маълум қилган эди.
Бундан ташқари, АҚШнинг огоҳлантиришларига ҳамоҳанг тарзда, Буюк Британия ҳам Германия ва Россия ўртасида амалга оширилаётган “Шимолий оқим-2” лойиҳасини тўхтатишни ва Кремлга нисбатан иқтисодий санкциялар жорий қилишни таклиф қилган.
Ғарбга кўра, Россиянинг жиловини тийиб туриш фақатгина унга иқтисодий таҳдидлар йўли билан амалга оширилиши мумкин.
Маълумот ўрнида, Европа давлатлари энергия ишлаб чиқариш учун ўз истеъмолидаги 40 фоиздан ортиқ табиий газни Украина орқали Россиядан импорт қилади.
Газ импортида Россия ўрнига алтернатив мамлакат сифатида кўрилаётган Қатар эса дунёда табиий газ экспорт қилувчи биринчи рақамли мамлакат ҳисобланади.
Табиий бойликларга бой бўлган Форс кўрфазидаги мамлакат Шарқий Осиё мамлакатларини тўлалигича газ билан таъминлайди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси