АҚШ Ўзбекистонга 2,23 миллион долларлик тиббий жиҳозларини юборди

Жамият

image

Бугун, 9 октябрь Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистонга COVID-19 га қарши курашиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун 2,23 миллион долларлик тиббий жиҳозлар етказиб берди. Ушбу жиҳозларни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари – Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев қабул қилиб олди. 

Ушбу ёрдам юклари ўз ичига лаборатория ускуналари ва 100 минг тест ўтказиш учун зарур бўлган реагентларни олган. Улар COVID-19 ни аниқлаш учун хавфсиз ва тезкор синов ўтказиш салоҳиятини сезиларли даражада кучайтириши кутилмоқда.  

“COVID-19 нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда одамларнинг кундалик ҳаёти ва яшаш тарзига таҳдид бўлиб қолмоқда. Ушбу вирус ҳеч кимни чеклаб ўтмади —  ўзимиз, яқинларимиз, қўни-қўшниларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимизга таъсир қилди. Йўқотган ҳар бир одамимиз, ёпилган ҳар бир корхона ва унинг оқибатида жабрланган одамлар учун ҳам биз вирусга қарши курашишни давом эттиришимиз зарур. Бу курашда биз ҳаммамиз биргамиз. АҚШ Ҳукумати ўзбекистонлик ҳамкорлари билан мамлакатда халқ саломатлиги ва фаравонлигини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаш учун яқиндан ҳамкорлик қилиш тамойилига содиқ қолади”, дейди АҚШ элчихонаси миссияси бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи Алексис Салливан.  

Етиб келган жиҳозлар АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистонга COVID-19 га қарши курашда кўрсатаётган ёрдамининг бир қисмидир. Шу кунгача АҚШ Ҳукумати Ўзбекистонга COVID-19  эпидемиясига қарши курашишда ёрдам бериш учун 8,8 миллион АҚШ доллари ажратди. Сентябрь ойида USAID Ўзбекистонга 200 та сунъий нафас бериш аппаратларини тақдим этган эди. USAID Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа ҳамкорлари билан ушбу мосламаларни бутун мамлакат бўйлаб соғлиқни сақлаш муассасаларига тарқатишда яқиндан ҳамкорлик қилди.

Маълумот ўрнида, USAID Ўзбекистон Ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан COVID-19 ни бартараф этиш, ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш борасида салоҳиятини ошириш масалалари бўйича иш олиб боради.


 


Мақола муаллифи

Теглар

USAID

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг