АҚШ Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлиги айтилди
Жамият
−
13 Декабрь 2022
8242АҚШ Ўзбекистонга ҳар томонлама, жумладан энергетика соҳасини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этишга ёрдам кўрсатишга тайёр. Бу ҳақда айни вақтда Вашингтонда бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Владимир Норов билан учрашувда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бошқарувчиси Саманта Пауэр ва USAID бошқарувчиси ўринбосари Изабель Коулман маълум қилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининнг маълум қилишича, учрашувда Ўзбекистон ва USAID ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари, устувор дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинган.
Суҳбат чоғида USAID раҳбари 2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини таъкидлаган. Бу борада USAID ўз саъй-ҳаракатларини АҚШ халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси (DFC) билан яқиндан мувофиқлаштириши маълум қилинган.
“USAID раҳбари Ўзбекистон ҳукуматининг давлат бошқаруви очиқлиги ва сўз эркинлигини таъминлаш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасида олиб бораётган амалий қадамларини олқишлади. Мазкур йўналишдаги ислоҳотлар сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг муҳим масалалари бўйича қарор қабул қилиш жараёнларида жамият манфаатларини кенг ҳисобга олишга ёрдам бериши таъкидланди”, дейилади ТИВ хабарида.
Ўз навбатида, USAID раҳбари ўринбосари Изабель Коулман Агентлик молиявий-техник кўмак лойиҳаларини, биринчи навбатда, Ўзбекистон тараққиётининг устувор йўналишларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширишда давом этишини қайд этган.
USAID раҳбарияти энергетика соҳасини модернизация қилиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, сув хўжалигини ривожлантириш, таълим тизимини такомиллаштириш, ёшларни касбга тайёрлаш ва малакасини оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган.
Ўзбекистон фуқароларини ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш ва мамлакатнинг барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш мақсадида USAID имкониятларини касб-ҳунар ва техник таълим тизимига жалб этиш муҳимлиги алоҳида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 ноябрь куни Владимир Норов АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашган эди.
LiveБарчаси