АҚШ Усама бин Лодиннинг давомчисини йўқ қилди
Олам
−
02 Август 2022
13329АҚШ Афғонистон пойтахти Қобулда “Ал-Қоида” террор ташкилоти етакчиси Айман аз-Завоҳирийни йўқ қилиш бўйича операция ўтказди. Бу ҳақда Президент Жо Байден маълум қилди.
Америка Президенти Жо Байден АҚШнинг “Ал-Қоида” террор ташкилоти етакчиси Айман аз-Завоҳирийни йўқ қилиш бўйича Қобулдаги махсус операцияси ҳар томонлама муваффақиятли бўлди, деб ҳисоблайди.
“Шанба куни (Вашингтон вақти билан, Қобул вақти билан 31 июль тонгида) менинг буйруғим билан Қўшма Штатлар Қобулга муваффақиятли ҳаво ҳужуми уюштирди ва “Ал-Қоида” етакчиси Айман аз-Завоҳирийни йўқ қилди”, деган Байден.
Байденнинг сўзларига кўра, миссия муваффақиятли ўтди. Завоҳирийнинг оила аъзоларидан ҳеч ким жабрланмаган, жумладан оддий фуқаролар орасида ҳам қурбонлар йўқ.
“Операция тўлиқ муваффақиятли ўтгани тасдиқланганидан сўнг, ҳозир бу хабар билан бўлишяпман”, дея тушунтирган АҚШ Президенти.
Америка раҳбарининг таъкидлашича, аз-Завоҳирий 2001 йил 11 сентябрь хуружларини режалаштиришда фаол иштирок этган, шунингдек, АҚШ ва бошқа давлатлар фуқаролари қурбон бўлган бошқа терактлар ташкилотчиси бўлган.
“Энди адолат ўрнатилди ва террорчиларнинг бу етакчиси йўқ”, дейди Байден.
Мисрлик аз-Завоҳирий ушбу тармоқ асосчиси саудиялик Усама бин Лодин 2011 йилда америкаликлар томонидан йўқ қилинганидан кейин “Ал-Қоида”га раҳбарлик қилган. Аз-Завоҳирий АҚШ разведка идоралари томонидан энг фаол қидирилаётган террорчилар рўйхатида бўлган ва Вашингтон унинг қаерда эканлиги ҳақидаги маълумот учун 25 миллион долларгача пул мукофоти таклиф қилган.