АҚШ Украинага яна бир Patriot тизимини юбормоқчи – “Bloomberg”
Олам
−
15 Май
3102АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Украинага яна бир Patriot ҳаво мудофаа тизимини юбориши мумкин. Бу ҳақда кеча, 14 май куни манбаларига таяниб, “Bloomberg” хабар берди.
Манбаларга кўра, Вашингтон Киевнинг ҳаво ҳужумидан мудофаа эҳтиёжларини қондириш учун битта тизим юбормоқчи. Агентликнинг қайд этишича, европалик иттифоқчилар ҳам ўз захираларидан қўшимча ҳаво мудофаа тизимларини юбориш режалари устида ишламоқда, уларнинг сони кўрсатилмаган.
Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Харьков вилоятини ҳимоя қилиш учун иккита Patriot тизимини сўраган. Зеленский Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини зудлик билан кучайтириш зарурлигига эътибор қаратди, чунки унинг сўзларига кўра, ҳаво мудофаа тизимлари ва воситалари мудофаа кучлари учун энг катта камомаддир.
Маълумот учун, Байден аввалроқ Киевга 400 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам юборишни буюрган эди. Умуман олганда, Пентагон маълумотларига кўра, Байден президентлигининг бошидан бери Қўшма Штатлар Украинага хавфсизликни таъминлаш учун 51,3 миллиард доллардан кўпроқ маблағ (шу жумладан, Россия босқини бошланганидан бери 50,6 млрд доллар) ажратган.
Апрель ойи охирида Байден Конгресс томонидан Украина, Исроил ва Тайванга қурол етказиб беришни қайта тиклаш бўйича маъқулланган қонун лойиҳалари пакетини имзолади. Пакет ҳажми 95 миллиард долларни ташкил этди, у Украина учун 61 миллиард долларни ўз ичига олади. Давлат раҳбари ушбу қонун лойиҳаларини имзолаганидан сўнг Пентагон Украинага 1 миллиард долларлик қурол-яроғ ва техника жўнатаётганини эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат департаменти Украинага учта HIMARS қурилмасини зудлик билан сотишга рухсат берганди.