АҚШ Украинага қурол бериш қоидаларини ўзгартиради – CNN

Олам

image

АҚШ Мудофаа вазирлиги яқинда ўз сиёсатига ўзгартиришлар киритиб, Украинага берилган қуролларни яна АҚШ омборларига қайтариб олиш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳақда мазкур қарор мазмунидан хабардор тўрт манбага таяниб, CNN хабар хабар берди.

Маълум қилинишича, тегишли меморандумни Пентагон сиёсий бўлими раҳбари Элбриж Колби ўтган ой имзолаган. CNN’нинг изоҳича, бу чорадан келиб чиқиб, илгари Киевга ёрдам сифатида ажратилган миллиардлаб долларлик қуроллар АҚШнинг камайиб қолган қурол заҳираларини тўлдиришга йўналтирилиши мумкин.

Янги қоидалар Америка Мудофаа вазирлигига Конгресс томонидан молиялаштириладиган ва “Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш ташаббуси” (USAI) деб аталадиган дастур доирасида айнан Украина учун ишлаб чиқарилган қуролларни ҳам қайтариб олиш имконини беради.

CNN манбаларининг айтишича, ҳозирча бу меморандум асосида қурол қайтариб олиш ҳолатлари бўлмаган, бироқ агар шундай воқеа юз берса, бу Киевни миллиардлаб долларлик қуролдан маҳрум қилиши мумкин.

Телеканалнинг қўшимча қилишича, ҳужжат доирасида Пентагон АҚШ қурол заҳираларини “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратган. “Қизил” ва “сариқ” категориялар қурол заҳираси етарли эмаслигини билдиради ва уларни етказиб бериш фақат Пентагон раҳбарининг шахсан тасдиғидан сўнг амалга оширилади. Маълум бўлишича, Киевга мўлжалланган Patriot зенит-ракета тизимлари учун ракеталар ва айрим бошқа қуроллар “қизил категория”га киритилган.

Маълумот учун, “Украина хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш ташаббуси” – бу АҚШ Конгресси томонидан 2016 йилда ташкил этилган дастур бўлиб, унинг мақсади Пентагон учун маблағ ажратиш ва Украина учун қуролларни бевосита америкалик ишлаб чиқарувчилардан харид қилишдир. Ушбу дастур доирасидаги таъминотларда идора ўзининг мавжуд захираларидан қурол ажратмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ва Шимолий Атлантика альянси НАТОнинг Европадаги аъзолари маблағлари ҳисобидан Украинага ҳарбий юк етказиб беришнинг янги механизми устида ишлаётгани хабар қилинган эди. Механизмга кўра, Украина тахминан 500 миллион долларлик пакетлар доирасида зарур бўлган қурол турларига устувор аҳамият беради.  


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина Пентагон қурол-яроғ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг