АҚШ Украина ресурслари бўйича келишув шартларини юмшатди – “Bloomberg”

Олам

image

АҚШ ҳукумати Украинанинг табиий ресурслари бўйича келишув шартларини юмшатди. Бу ҳақда бугун, 16 апрель куни манбаларига таяниб, Американинг “Bloomberg” агентлиги хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, Вашингтон Киевга аввалроқ берилган ёрдамга Украина ресурслар ҳисобига АҚШга қайтариши керак бўлган миқдорни сезиларли даражада пасайтирган. Агар илгари Оқ уй 300 миллиард доллар ҳақида гапирган бўлса, ҳозир улар 100 миллиард ҳақида гапиришмоқда. Бу кўрсаткич Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг илгари билдирган тахминига яқин. У АҚШ томонидан берилган ёрдамни 90-100 миллиард долларга баҳолаган.

Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати ҳали ҳам Украина билан умумий инвестиция фондига ўз ҳиссасини қўшишдан бош тортмоқда, чунки улар илгари берилган ёрдам бундай ҳисса ўрнини босади, деб ҳисоблашади.

Киев эса яхшироқ шартлар изламоқда ва АҚШнинг ўтмишдаги ёрдамини қарз сифатида тан олишдан бош тортмоқда.

АҚШ ва Украина расмийлари бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортдилар.

“Bloomberg” ёзганидек, келишув бўйича музокаралар давом этмоқда. Ҳозирча тасдиқланмаган ҳолда, келишув Қўшма Штатларга Украина ресурсларидан маблағ оладиган умумий инвестиция фондидан фойда олиш учун имтиёзли ҳуқуқ беради. Фонд Вашингтон томонидан назорат қилинади.

14 апрель куни АҚШ Молия вазири Скотт Бессент Украина билан ресурслар бўйича музокаралар боришига ижобий баҳо берди ва келишув шу ҳафтанинг бошида имзоланиши мумкинлигини айтди. Илгари, имзолаш бир неча марта, шу жумладан охирги дақиқада ҳам қолдирилган.

Киев ва Вашингтон бир неча ойдирки, минерал ресурслар бўйича келишув бўйича музокаралар олиб бормоқда. 15 февраль куни Мюнхенда Владимир Зеленский Қўшма Штатлар билан келишувни тасдиқлашдан бош тортди ва унда “хавфсизлик кафолатлари бўйича аниқ нарсалар” йўқлигини тушунтирди. Ўшандан бери томонлар келишувнинг янги таҳририни муҳокама қилишмоқда.

30 март куни Дональд Трамп Зеленскийни келишувдан чиқиш ниятидаликда айблади.
Украина Ташқи ишлар вазири Андрей Сибиганинг 1 апрель куни маълум қилишича, Киев Вашингтон билан минерал ресурслар бўйича келишув икки давлат манфаатларига ўзаро мос келишини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

6 апрель куни Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари ва Иқтисодиёт вазири Юлия Свириденко келишувнинг якуний версияси ҳалигача йўқлигини айтди. Апрель ойи бошида Украина делегацияси шартнома параметрларини муҳокама қилиш учун АҚШда бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг