АҚШ Тайванга танкка қарши тизимларни 180 млн долларга сотмоқчи
Олам
−
29 Декабрь 2022
2717АҚШ Давлат департаменти Тайванга 180 миллион долларга Volcano tank'га қарши тизимларини сотишни маъқуллади. Бу ҳақда ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича департамент Twitter'даги саҳифасида маълум қилди.
Қайд этилишича, Давлат департаменти сўровга Ҳарбий сотиш дастури доирасида рухсат берган.
“Давлат департаменти Тайванга 180 миллион долларлик Volcano tank'га қарши тизимларини сотиш бўйича сўровни маъқуллади”, дейилади бюро баёнотида.
Пентагон хавфсизлик ҳамкорлик агентлиги баёнотида айтилишича, таклиф қилинган сотув қонунга мувофиқ ва Вашингтоннинг миллий хавфсизлик манфаатларига мос келади.
“Таклиф этилаётган сотув олувчининг хавфсизлигини оширишга ёрдам беради, шунингдек, минтақада сиёсий барқарорлик, ҳарбий мувозанат ва иқтисодий тараққиётни сақлашга ёрдам беради”, дейилади баёнотда.
АҚШ ҳукумати бу қарор ҳақида Конгрессни расман хабардор қилган. Агар келишув тасдиқланса, Northrop Grumman ва Oshkosh Corporation асосий пудратчилар бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой АҚШ Президенти Жо Байден томонидан имзоланган АҚШнинг 2023 йилги мудофаа бюджетини танқид қилган эди. Хитой расмийларининг норозилигига ҳужжатдаги Тайванга нисбатан “ягона Хитой” тамойилини бузувчи қоидалар сабаб бўлган.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси