АҚШ тарихида биринчи бор Конгресс спикери резолюция билан ишдан олинди (видео)

Олам

image

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари республикачи Кевин Маккартини спикерлик лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қайд этиш жоизки, Қўшма Штатлар тарихида Вакиллар палатасининг бирорта ҳам спикери уни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги резолюция қабул қилиниши орқали ишдан бўшатилмаган. Маккарти билан бўлган ҳолат АҚШ тарихида биринчи бор содир бўлди.

Кеча, 3 октябрь куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнида 216 нафар конгрессмен республикачи спикернинг истеъфоси учун, 210 нафари эса бунга қарши овоз берган. Хусусан, овоз бериш ташаббускори бўлган Мэтт Гетц бошчилигидаги саккиз нафар республикачи ҳам ўз партиядошининг истеъфосини ёқлаб чиққан.

Маълумот учун, жорий йилнинг 30 сентябрь куни Маккарти демократлар билан келишувга эриша олган ва 45 кунлик федерал харажатларни молиялаштириш учун бюджет резолюциясини қабул қилган. Бу эса ҳукумат ёпилишининг олдини олишга ёрдам берди. Ушбу муроса туфайли Гетц ўз партиядошининг истеъфосини талаб қилган.

Эндиликда Вакиллар палатаси янги спикер танлаши керак. Механик тарзда танланган муваққат спикер Патрик Макгенри (республикачи) янги спикерни сайлаш жараёнини бошлайди. Вакиллар палатасида 435 та ўрин бор, улардан 218 нафарининг овозини олган номзод янги спикер бўлади. Спикер сайланмагунча Вакиллар палатаси ҳеч қандай қарор қабул қила олмайди.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни АҚШ Конгресси федерал ҳукумат ёпилишига йўл қўймаслик мақсадида Украинага ёрдам кўрсатишни назарда тутмайдиган 45 кунлик (17 ноябргача) бюджет лойиҳасини қабул қилган эди. Оқ уй ва Конгрессдаги демократлар Киевга кўмакни тўхтатишни хоҳламаса-да, республикачилар бунга тўсқинлик қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Конгресс Кевин Маккарти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг