АҚШ сўнгги дақиқада shutdown’дан қутилиб қолди
Олам
−
02 Октябрь 2023
11641АҚШ Конгресси белгиланган муддат тугашига атиги икки ярим соат қолганида 45 кунлик бюджет лойиҳасини маъқуллаб, shutdown’дан қутилиб қолди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этиш жоизки, 1 октябрда Қўшма Штатларда янги молиявий йил бошланади ва агар бу санагача молиялаштириш бўйича келишиб олинмаса, федерал ҳукумат ёпилиши (shutdown)га тўғри келади. Федерал ҳукумат эса мамлакатдаги 4 миллион америкаликни иш билан таъминлаган энг йирик иш берувчи ҳисобланади. Сиёсатчилар белгиланган муддат тугашига атиги икки ярим соат қолганда давлат сектори ходимларининг ишини вақтинчалик молиялаштириш бўйича келишиб олишга муваффақ бўлди.
Овоз бериш аввалига Вакиллар палатасида (335 та ёқлаб, 91 та қарши), сўнгра Сенатда (88 та ёқлаб, 9 та қарши) бўлиб ўтди. Кейин қонун лойиҳаси Президент Жо Байден томонидан маъқулланган.
Бунинг учун Оқ уй ва демократлар сўраган (улар Сенатда кўпчилик, Вакиллар палатасида эса озчилик) Украинага ҳарбий ёрдам пакетини қонун лойиҳасидан чиқариб ташлаш керак бўлди. Чунки республикачилар бунга қарши эди. Қонун лойиҳасини республикачилар етакчиси Кевин Маккарти тақдим этган.
Оқ уй эса дастлаб Украинага ажратиладиган 24 миллиард долларлик ёрдамни молиялаштириш лойиҳасига киритишга уринди, бироқ давлат бюджетини қисқартиришни талаб қилган республикачиларнинг қаршилигига дуч келиб, бу маблағни 6 миллиард долларга туширди. Аммо бу ташаббус ҳам қўллаб-қувватланмаган.
Бироқ Киевни қўллаб-қувватлаш учун қўшимча маблағ ажратиш бўйича алоҳида лойиҳа қонунчилар томонидан овозга қўйилади. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, келаси ҳафта бу бўйича қарор қабул қилиниши мумкин.
Маълумот учун, Қўшма Штатларда shutdown’лар тез-тез содир бўлади. Аммо бу йил улар аллақачон қийинчиликларни бошдан кечираётган мамлакат иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бюджет лойиҳаси тўғрисидаги қонуннинг қабул қилиниши миллионлаб давлат хизматчилари: мансабдор шахслар ва ҳарбий хизматчилардан тортиб, коммунал хизматчилар ва аэропорт ходимларигача бўлган ишлар тўхтатилишининг олдини олишга имкон берди.
LiveБарчаси