АҚШ собиқ Президенти Обаманинг маслаҳатчиси пора учун қамалди
Олам
−
15 Январь 2022
5680АҚШнинг Нью-Йорк жанубий округи суди (SDNY) кеча, 14 январь куни мамлакатнинг 44-Президенти Барак Обама маъмуриятининг собиқ маслаҳатчисини фирибгарлик ва махсус мактаблар тизимидан 200 000 АҚШ долларидан ортиқ маблағ ўғирлаганликда айбдор деб топди.
Айбланувчининг ўзи унга қўйилган жиноят айбловларини тан олган.
“Оқ уйнинг собиқ маслаҳатчиси Сет Эндрю бугун ўзи яратишга ёрдам берган мактаблар тизимидан пул ўғирлаш схемасини ишлаб чиққанини тан олди. Энди Эндрю ўз мансабини суиистеъмол қилгани ва унга мактабларни ташкил қилишда ёрдам берганларнинг ҳаққини ўғирлагани учун федерал қамоқхонада жазони ўтайди”, деган вазиятга изоҳ берган АҚШ адвокатлар кенгаси аъзоси Дамиан Уильямс.
Адлия вазирлиги маълумотларига кўра, 2005 йилда Эндрю Нью-Йоркда махсус мактаблар тизимидаги "1- Мактаб"га асос солган. 2013 йилда Эндрю мактаб директори лавозимидан Таълим вазирлиги ходими лавозимига кўтарилган. Кейинчалик у Оқ уйда Обаманинг Таълим ва технологиялар бўйича катта маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.
2019 йилда Эндрю тўсатдан махсус мактаблар тизимидаги 3 та мактаб ҳисоб рақамани ёпган. Ҳисоб рақами мактаб ўз иш фаолиятини тўхтатганида ёки бюджетдан маблағ ажратилмай қолган ҳолатларда маҳсус қарор билан ёпилиши мумкин бўлган. Ҳисоб рақамни ёпиш Эндрю ёки махсус ваколатга эга бўлмаган бошқа шахслар томонидан амалга оширилиши мумкин бўлмаган.
Ҳисоб рақамни ёпган Эндрю ундаги пулларни янги очилган бизнес банкдаги ҳисоб рақамига ўтказиб юборган. Банкда Эндрю номига очилган янги ҳисоб рақамга умумий ҳисобда 200 000 АҚШ долларидан ортиқ маблағ келиб тушган.
“Мен қилган ишимдан чин дилдан афсусдаман. Қилган ишим нотўғри эканлигини билардим ва пушаймонман. Ҳозир сизнинг олдингизда туриб оилам ва мактаб ўқувчилари келажаги учун салбий оқибатларга олиб келувчи хато қилганимни тушуниб етдим”, деган айбланувчи судда сўнгги сўз ўрнида.
Судда Эндрю махсус мактаблар учун етқазилган зарарни қоплаб, уларга 218 000 АҚШ доллари тўлашга рози бўлган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь