АҚШ Россиягача уча оладиган баллистик ракетасини синовдан ўтказди
Олам
−
22 Май 2025 6424 2 дақиқа
Кеча, 21 май куни АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари Калифорниядаги Ванденберг фазо базасидан қуролсизлантирилган Minuteman III қитъалараро баллистик ракетасини муваффақиятли учирди. Бу ҳақда АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари хабар берди.
Қайд этилишича, ракета Тинч океани вақти билан соат 12:01 да учирилган бўлиб, у 4,2 минг миль (тахминан 6759 км) масофани босиб ўтган ва Рональд Рейган номидаги ракетага қарши мудофаа синов полигонига етиб борган. Мазкур полигон Маршалл оролларида жойлашган. Синов ракетаси юқори аниқликка эга Mark 21 мосламаси билан жиҳозланган. Бу мослама одатда ядро каллаги билан жиҳозланади, аммо синов пайтида қуролсиз бўлади.
Қўмондонлик баёнотига кўра, бу синов режалаштирилган ва даврий тадбирлар доирасида ўтказилган бўлиб, АҚШ ядровий тўсиқ тизимининг XXI аср таҳдидларига қарши ишончлилиги ва самарадорлигини намойиш қилишга қаратилган. Шунингдек, улар бу синов жаҳон сиёсатидаги жорий воқеаларга жавоб эмаслигини алоҳида таъкидлаган.
Маълумот учун, Minuteman III – бу қаттиқ ёқилғили, оғирлиги 36 тоннага тенг, АҚШдаги ягона ерга ўрнатиладиган баллистик ракета бўлиб, у 1970 йилдан бери хизматда. Ҳозирда АҚШда 400 дона шундай ракета мавжуд. Улар мунтазам равишда синовдан ўтказилади ва модернизация қилинади. Бундан олдинги синов 2024 йил февралида ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазирлиги Гуам оролида ҳаво орқали учирилган ўрта масофали баллистик ракетани муваффақиятли йўқ қилиш бўйича синовлар ўтказилганини эълон қилганди. Синовда Aegis Guam тизими янги AN/TPY-6 радар ва вертикал ишга тушириш тизими билан интеграциялашган ҳолда RTX Corp компанияси томонидан ишлаб чиқарилган Standard Missile-3 Block IIA ракетасини учирган. Ушбу ракета муваффақиятли ҳаво орқали учирилган ўрта масофали баллистик ракетани йўқ қилган.