АҚШ Россияга жавоб қайтариш учун экспертлар гуруҳини тузган – WP 

Олам

image

Оқ уй Россия Украинага бостириб кирган тақдирда АҚШнинг жавоб чораларини ишлаб чиқиш учун экспертлар гуруҳини тузган. Бу ҳақда “The Washington Post” нашри хабар берди.  

Нашрнинг ёзишича, гуруҳ ўтган йилнинг ноябрь ойида тузилган. Ўшанда АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Жейк Салливан Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик режалаштириш бўйича директори Алекс Бикка гуруҳ тузишни бошлаш илтимоси билан мурожаат қилган. Бик Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти, Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги, Ички хавфсизлик вазирлиги мутахассисларини, шунингдек, разведка ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги вакилларини жалб қилган. 

Гуруҳ ўз фаолияти давомида АҚШ Россия босқинининг биринчи кунидан бошлаб, шунингдек, дастлабки икки ҳафта ичида кўриши мумкин бўлган бир қатор тезкор жавобларни тавсифловчи қўлланма яратган. Бундан ташқари, Киевдаги АҚШ элчихонаси хавфсизлиги, украиналик қочқинлар муаммосини ҳал қилиш йўллари, Москвага қарши аниқ санкциялар, киберҳужумларга қарши кураш, шунингдек, Россия санкцияларга жавобан қўллаши мумкин бўлган қадамлар муҳокама қилинади. 

Таъкидланишича, АҚШ Президенти Жо Байден мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган қўлланма мазмуни билан танишган. 

Қайд этиш керакки, Украина атрофидаги вазият кун сайин ўзгариб бормоқда. АҚШ ва Ғарб давлатлари Россияни босқинга тайёрланишда айблаб келяпти. АҚШ Президенти Байден шахсан ўзи Москва 16 февраль куни ҳужум бошлашини айтди. 30 дан ортиқ давлатлар фуқароларидан Украинага бормасликни сўрамоқда. АҚШ Киевдаги элчихонаси ходимларини эвакуация қилишни бошлаган. 

Ўз навбатида, Москва Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия уруш ҳолатида эмаслигини ва Украина билан уруш қилиш ниятида эмаслигини айтмоқда. Вазир, шунингдек, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини Россияга қарши “ташвиқот кампанияси” бошлаганликда айблаб, бундай ҳаракатлар Киевни мамлакат шарқидаги вазиятни ҳарбий йўл билан ҳал қилишга ундашидан огоҳлантирди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Украина

Баҳолаганлар

217

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг