АҚШ Россияга бир русни икки америкаликка алмаштиришни таклиф қилди

Олам

image

АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Москвага Америкада судланган қурол сотувчиси Виктор Бутни Россияда жосусликда айбланган америкалик Пол Уилан ва Химкида гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланаётган баскетболчи Бриттни Грайнер билан алмашишни таклиф қилди. Бу ҳақда CNN вазият билан таниш манбасига таяниб хабар берган.

Маълумотларга кўра, Президент Байден бу режани қўллаб-қувватлаган. Президентнинг қўллаб-қувватлаши одатда бундай алмашинувларга қарши турадиган АҚШ Адлия вазирлигининг эътирозларини четлаб ўтиш имконини беради.

“Биз ўз таклифимизни Россияга етказдик ва Россия томони билан олиб борган музокараларимиз натижасидан келиб чиқиб муваффақиятга эришишимиз мумкинлигига ишонамиз”, дейди АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакили CNN телеканалига.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен журналистларга яқин кунларда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан, жумладан Грайнер ва Уилан тақдирини муҳокама қилмоқчи эканлигини айтган. Унинг таъкидлашича, Америка томони бир неча ҳафта олдин Москвага музокаралар олға силжишига ёрдам берадиган таклиф билан чиққан.

Апрель ойида Россия ва АҚШ Москвада полициячилар билан муштлашгани учун судланган америкалик Тревор Ридни 2010 йилда АҚШда кокаин ташишга тайёргарлик кўришда айбланиб судланган учувчи Константин Ярошенкога алмашишга келишиб олди. Маҳкумлар Туркияда алмаштирилди. Айирбошлашни шарҳлар экан, Байден бунинг учун қийин қарорлар қабул қилиши керак бўлганини таъкидлади.

Екатеринбургнинг УГМК клубида ўйнаётган Грейнер иши ҳозир Химки суди томонидан кўриб чиқилмоқда. У Россияга етиб келганида юкидан “гашиш” ёғи топилгани учун қўлга олинган. Судда у АҚШда таътилда бўлганида шифокорнинг рецепти бўйича тиббий марихуана олганини ва шошиб йиғаётганда уни тасодифан багажига солиб қўйганини айтган.

Собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан 2020 йил июнь ойида Москва шаҳар суди томонидан жосусликда айбланиб 16 йилга озодликдан маҳрум этилган эди. У ўз айбига иқрор бўлмаган ва қўлга олинган флеш-дискда унинг Россия бўйлаб аввалги саёҳатлари тасвирлари бўлиши кераклигини айтган. Ҳозир у қамоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

325

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг