АҚШ Россиядан нефть ташийдиган танкерларга санкциялар жорий қилди
Олам
−
17 Ноябрь 2023
4388АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) Россиянинг 11 ташкилотига, шунингдек, мамлакатдан нефть ташиш билан боғлиқ учта нефть танкерига қарши санкциялар киритди. Бу ҳақда вазирлик сайтида хабар берилди.
"ABS Electrical Engineering", "Esset Automation", "Esset Elektro", "Доминион Никольский", "Доминион Тверская-Ярославская", "Умумроссия илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ва учувчи ишлаб чиқариш билан реле ишлаб чиқариш технологик институти", "ABS ZEiM Automation", "Mosen Asset Management", "ВНИИР Гидроэлектроавтоматика", "ВНИИР Промэлектро" ва "ВНИИР-Трансстрой" компанияларига нисбатан санкциялар қўлланилди.
Ушбу ташкилотларнинг АҚШдаги активлари музлатилади ва АҚШ фуқаролари ёки компанияларига улар билан бизнес қилиш тақиқланади.
Бундан ташқари, БААда рўйхатдан ўтган “Kazan Shipping Incorporated” юк ташиш компанияси ҳамда Либерияда рўйхатдан ўтган “Progress Shipping Company Limited” ва “Gallion Navigation Incorporate” компанияларига ҳам санкция қўйилган.
Шунингдек, ушбу компанияларга алоқадор Kazan, Ligovsky Prospect ва NS Century нефть танкерларига ҳам чекловлар киритилди. Учта кема ҳам Либерия байроғи остида рўйхатдан ўтган.
Танкерларга нисбатан Россия нефтини белгиланган чегарадан юқори нархда ташигани учун санкциялар жорий этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель Еврокомиссия билан биргаликда ЕИ Кенгашига Россияга қарши янги санкциялар пакети лойиҳасини тақдим этганди.
LiveБарчаси