АҚШ, Россия ё Хитой? Бердимуҳамедов Туркманистоннинг биринчи рақамли иттифоқчисини очиқлади
Олам
−
10 Декабрь 2022
21367Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқида мамлакат иттифоқдошларини санаб, Россияни биринчи ўринга, АҚШ ва Хитойни иккинчи-учинчи ўринга қўйди.
“Россия Федерацияси билан муносабатларимиз стратегик хусусиятга эга. Жорий йилнинг июнь ойида ушбу мамлакатга расмий ташрифим чоғида биз икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари,жумладан, хавфсизлик, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, савдо, молия ва банк тизими, таълим, маданият ва тиббиёт соҳаларида ҳамкорликни сезиларли даражада ошириш бўйича келишувларга эришдик”, деган у.
Туркманистон раҳбари мамлакат АҚШ билан тенг ҳуқуқли муносабатларни сақлаб келаётганини таъкидлаган.
“Биз АҚШ билан сиёсат, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданият ва таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларида ўзаро манфаатли шерикликни янада ривожлантириш бўйича зарур чораларни кўришимиз керак”, дейди у.
Бердимуҳамедов кейин тилга олишича, Хитой Туркманистоннинг ишончли ва стратегик ҳамкорларидан биридир.
“Мустақиллик йилларида аниқ лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида Туркманистон-Хитой муносабатлари юқори даражага кўтарилди. Худди шундай динамика сиёсий муносабатларга ҳам хос”, дейди президент.
У ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида Марказий Осиё минтақаси давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон билан муносабатларни қайд этди. Шунингдек, у Эрон ва Афғонистон билан алоқалар конструктив ривожланаётганини таъкидлади. Хусусан, Эрон билан энергетика, транспорт ва савдо соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда. Бердимуҳамедовнинг сўзларига кўра, Туркия билан ҳамкорликка катта аҳамият берилади.
“Биз барча соҳаларда стратегик икки томонлама шерикликни яхшилашда давом этамиз”, дея қўшимча қилди Президент.
Ниҳоят, Туркманистон учун муҳим ҳудудлардан бири Осиё-Тинч океани минтақасидир.
“Биз Япония, Ҳиндистон, Покистон, Корея Республикаси, Малайзия ва минтақанинг бошқа давлатлари билан тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз”, дея тушунтирди Бердимуҳамедов.
LiveБарчаси