АҚШ Россия билан муайян соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр – Блинкен
Олам
−
09 Декабрь 2022
6062АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг айтишича, Қўшма Штатлар Россия билан муайян соҳаларда ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда ТАСС нашри хабар берди.
Шу тариқа у россиялик Виктор Бутнинг америкалик Бриттни Грайнерга алмаштирилиши икки томонлама муносабатлардаги ўзгаришлар бўлишидан далолат берадими, деган саволга изоҳ берди. Блинкеннинг таъкидлашича, Вашингтон доимий равишда Москва билан “аниқ масалалар, муайян манфаатлар бўйича” ҳамкорлик қилишга тайёрлигини намойиш этган. Хусусан, Америка томони “ноҳақ ҳибсга олинган америкаликларни қайтариш” мақсадида Россия билан ҳамкорлик қилди.
Давлат котиби, шунингдек, Қўшма Штатлар Россия Федерацияси билан қурол назорати масаласида алоқаларни давом эттиришга тайёрлигини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, агар керак бўлса, Вашингтон Америка миллий манфаатларини ҳимоя қилиш учун буни давом эттиради.
Аввалроқ 8 декабрь куни Абу-Дабида россиялик Виктор Бутни америкалик баскетболчи Бриттни Грайнерга алмаштириш тартиби бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилган эди. Бут АҚШда ноқонуний қурол савдоси ва террорни қўллаб-қувватлашга уринишда айбланган. У 2008 йилда Таиландда АҚШ талабига биноан ҳибсга олинган, 2012 йил апрел ойида суд уни 25 йилга озодликдан маҳрум қилган. Россиялик ўз айбини тан олмаган.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси