АҚШ рекорд даражада кўп муҳожирларни ҳибсда сақламоқда – ОАВ

Олам

image

Жорий ҳафтада АҚШ Иммиграция ва божхона хизмати (ICE) бир вақтнинг ўзида 73 минг нафар мигрантни ҳибсда ушлаб турибди. Бу кўрсаткич идора тарихидаги энг юқори даража ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигига таяниб, CBS телеканали хабар берди.

Қайд этилишича, 2025 йил ноябрь ойида ICE ҳибсхоналарида сақланаётган мигрантлар сони 66 минг нафар бўлган. Кеча, 16 январь ҳолатига келиб, мамлакат бўйлаб ICE тасарруфида депортация қилиниши мумкин бўлган қарийб 73 минг киши сақланмоқда. Бу ICE томонидан қайд этилган энг юқори кўрсаткичдир. Шу тариқа, идора ташкил этилганига 23 йил бўлган бўлса-да, илк бор ҳибсда сақланаётганлар сони 70 мингдан ошди.

Хабарда айтилишича, ҳибсга олинганларнинг қарийб 67 минг нафари ёлғиз вояга етган шахслар бўлиб, уларга иммиграция қонунчилигини бузганлик гумони билан депортация таҳдид солмоқда. Яна тахминан 6 минг кишини вояга етмаган фарзандлари бор оилалар ташкил этади. CBS нинг қайд этишича, ҳибсдагиларнинг қарийб 34 минг нафари АҚШда жиноий ишлар бўйича айбланган ёки судланган.

АҚШнинг 47-Президенти сифатида инаугурация куни Дональд Трамп ўзининг илк нутқида ноқонуний мигрантларнинг мамлакатга киришини дарҳол тўхтатиш ва миллионлаб мигрантларни депортация қилиш жараёнини бошлашга ваъда берганди. Шунингдек, у АҚШнинг жанубий чегарасидаги вазият сабабли бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режимини жорий қилган.

АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги 2025 йил 29 декабрь куни ўтган йил давомида мамлакатдан 2,5 миллиондан ортиқ ноқонуний мигрант депортация қилингани ҳақида ҳисобот берган ва бу кўрсаткичлар фақат бошланиши эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трамп ўз лавозимига киришганидан бери хорижликларнинг 100 мингдан ортиқ визаси бекор қилингани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

муҳожир ICE Иммиграция ва божхона хизмати

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг