АҚШ Россия яқинига қўшимча аскарлар жўнатяпти

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Польшага икки минг аскарини жўнатмоқда. Дастлаб, у ерга мингга яқин Америка ҳарбийси бориши тахмин қилинган эди.

Тегишли баёнот Польша Президенти Анжей Дуданинг АҚШга ташрифи олдидан “Gazeta Prawna” нашрида чоп этилди. Таъкидланишича, Дуда Америка раҳбари билан ҳарбий ҳамкорлик бўйича музокаралар ўтказади.

"Мамлакатимизга икки мингга яқин америкалик ҳарбий келиши керак. Улар тахмин қилганганидек мингга яқин эмас. Ҳозир Германияда бўлган АҚШ армиясининг бешинчи корпуси қўмондонлиги ҳам қайта ишлайди", дейилади нашрда.

Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Польшага Американинг қирққа яқин F-16 қирувчи самолётини кўчирмоқчи.

Вашингтон ва Варшава, шунингдек, фойдаланилган бешта С-130 Hercules транспорт самолётини топшириш бўйича келишувга эришиши кутилмоқда. Яқин келажакда Польша АҚШдан жанговар вертолётлар сотиб олиши мумкин.

Айни вақтда Польша ҳудудида тахминан беш минг америкалик ҳарбий бор.

Польша НАТОга аъзо давлатлардан бўлиб, у Россияни империализмда айблаб келади. Шу боис иқтисодий ва айниқса, ҳарбий масалаларда АҚШга суянади. Россия эса, ўз навбатида, Польшанинг "биқинида" жойлашган Калининград анклавида сўнгги пайтларда ҳарбий техникалари сонини ошириб бормоқда. Бунга яқинида у ерда жойлаштирилган "Искандар" ҳаво мудофаасига қарши ракеталарини мисол қилиб келтириш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Польша

Баҳолаганлар

444

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг