АҚШ Мудофаа вазирига танбеҳ берган ҳарбийга медаль топширилди

Олам

−

image

АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет Арлингтон миллий қабристонидаги Номаълум аскар мақбараси олдида уни ва ёрдамчиларини тартибга чақириб, танбеҳ берган ҳарбий хизматчига медаль топширди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Аввалроқ, воқеа Фахрийлар кунига бағишланган маросимдан сўнг юз бергани ҳақида хабар берилган эди. Хегсет, унинг рафиқаси ва ёрдамчилари ёдгорлик зинапоясида суратга тушиб, ўзаро суҳбатлашган. Бу вақтда мақбарада навбатчилик қилаётган АҚШ армияси ҳарбийси Томас Иглесиас уларга баланд овозда танбеҳ берган.

“Барча ташриф буюрувчилар доимо сукут ва ҳурмат муҳитини сақлаши шарт”, деб огоҳлантирган ҳарбий.

Ушбу ҳолат акс этган видео интернетда кенг тарқалди. Кеча, 12 ноябрь куни эса Хегсет АҚШ армиясининг 3-пиёда полки — “Эски гвардия” сафида хизмат қилувчи мутахассис Томас Иглесиасга медаль топширган. Вазир мукофот топшириш жараёнидан суратни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилиб,

“Биз аскарларни яхши кўрамиз. Биз тартиб-қоидаларни қадрлаймиз. Баракалла, мутахассис. Хизматда давом эт”, деб ёзган.

Номаълум аскар мақбарасида уч нафар номаълум америкалик ҳарбий хизматчи, жумладан, Биринчи жаҳон уруши қатнашчиси дафн этилган. Ушбу маскан сутка давомида ҳарбийлар томонидан қўриқланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Словакия Президенти Петер Пеллегрини билан учрашув олдидан ўтказилган расмий кутиб олиш маросимида тантанали либосдаги икки нафар ҳарбий бирин-кетин ҳушидан кетиб, ерга йиқилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг