АҚШ можароларда “оловга мой сепмоқда” – Хитой
Олам
−
30 Январь 2023
10014Хитой расмийлари Оқ уйнинг Украинадаги можаро ва Корея яримороли муаммосини ҳал қилиш жараёнида олиб бораётган “оловга мой сепиш” сиёсатини қоралайди. Бу ҳақда бугун, 30 январь куни Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг маълум қилди.
“Хитой Украина инқирози ва Корея ярим оролининг ядровий муаммосини тинч йўл билан ҳал этиш ва тегишли музокаралар олиб бориш учун доимо қўлидан келган барча саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шунинг учун ҳам биз АҚШнинг оловга мой сепишига ва қарама-қаршиликни кучайтирувчи баёнотлар билан чиқишига қаршимиз”, деди Мао Нинг АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг бўлажак ташрифини шарҳлар экан.
Хитой ТИВ вакилининг сўзларига кўра, Пекиннинг бу масалалар бўйича позицияси ҳамда стратегияси фактлар ва тарихий тажрибага асосланган. Хитой АҚШнинг қарама-қаршиликка эмас, балки мулоқотга, ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилишига умид қилади.
“Politico” нашри хабарига кўра, Блинкен 5-6 февраль кунлари Пекинга бориб, Хитой ташқи ишлар вазири Цин Ганг билан учрашишини ва у билан бир қатор муҳим масалаларни муҳокама қилишни айтиб ўтган. Хусусан, АҚШ ташқи сиёсат департаменти раҳбари музокараларда ҳарбий соҳада икки томонлама алоқаларни тиклаш, Украинадаги вазият, Пекиннинг ядро арсенали, гиёҳванд моддалар савдосига қарши биргаликда кураш ва Хитойда ҳибсда сақланаётган америкаликларнинг ўз ватанларига қайтиши масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси