АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан Украина инқирозини муҳокама қилмоқчи
Олам
−
27 Февраль 2023
8398Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ташқи ишлар идоралари раҳбарлари 28 февраль куни Қозоғистон пойтахти Остонада C5+1 форматида энергетика, иқтисодиёт ва терроризмга қарши кураш масалалари, шунингдек, халқаро муаммолар, жумладан, Украина атрофида вазиятни муҳокама қилади. Бу ҳақда бугун, 27 февраль куни бўлиб ўтган брифингда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди.
“Бугунги кунга қадар Марказий Осиё давлатларининг барча Ташқи ишлар вазирлари иштирок этишларини тасдиқладилар. Учрашувда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ўртасида иқтисодиёт, энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги келгуси ҳамкорлик, шунингдек, терроризмга қарши кураш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган”, дейди ТИВ вакили.
Унинг сўзларига кўра, йиғилиш иштирокчилари халқаро ва минтақавий кун тартибидаги масалалар, жумладан, Украина ва Афғонистон атрофидаги вазиятга ҳам тўхталади.
Маълумот учун, C5+1 формати Марказий Осиёнинг бешта давлати (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон) ва АҚШ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кўп томонлама механизми ҳисобланади. У 2015 йилда иқтисодиёт, экология ва хавфсизлик соҳаларидаги минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш учун ташкил этилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен 28 февралдан 3 мартгача Қозоғистон, Ўзбекистон ва Ҳиндистон бўйлаб сафар қилиши, ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари билан учрашиши айтилганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь