АҚШ хакерларни яширган давлатларни жазоловчи иттифоқ тузмоқчи
Олам
−
07 Июнь 2021
3420АҚШ киберҳужумларга қарши кураш стратегиясининг бир қисми сифатида Вашингтон томонидан хакерларни яширяпти, деб топилган мамлакатларни жавобгарликка тортиш учун халқаро коалиция тузмоқчи. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
“АҚШ ҳукумати бизнинг тармоқларимизни янада яхшироқ ҳимоя қилиш учун товламачи вирусларга қарши кураш бўйича стратегия устида ишламоқда. Бу жараён хусусий сектор билан яқиндан ишлашни ўз ичига олади”, дейди АҚШ Давлат котиби.
Блинкеннинг сўзларига кўра, товламачи вирусларнинг ҳужумларига алоқадорларни яшираётган давлатларни жавобгарликка тортиш учун халқаро коалиция тузилади.
“АҚШ Президенти Жо Байден Россия Президенти Владимир Путин билан [16 июнь куни Женевада] бўладиган учрашувда мамлакатлар хакерларни яширишда иштирок этмаслиги кераклигини аниқ қилиб баён этади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи бошида “DarkSide” гуруҳи хакерлари Американинг “Colonial Pipeline” қувур линияси тизимига тажовуз қилди. Америка разведка хизматлари маълумотларига кўра, “DarkSide” Россия Федерацияси ёки Шарқий Европа ҳудудида жойлашган бўлиши мумкин, аммо қайсидир ҳукумат билан ҳеч қандай боғлиқлик жойи йўқ.
Бундан ташқари, жорий йил 31 май куни Американинг JBS гўштни қайта ишлаш компаниясининг компьютер тармоқларига ҳужум амалга оширилди. Оқ уй Матбуот хизматининг хабар беришича, ушбу ҳужум ортида, эҳтимол Россияда жойлашган жиноий ташкилот турибди.
Бунга жавобан, юқоридаги баёнотларни Россия Президенти Владимир Путин “кулгили айблов”, деб атади ҳамда уларни 16 июнь куни Женевада бўлиб ўтиши режалаштирилган АҚШ Президенти Жо Байден билан учрашув олдидан келишмовчиликларни келтириб чиқаришга қаратилганини таъкидлади.
LiveБарчаси