АҚШ Кариб ҳавзасига атом сувости кемасини юборди

Олам

image

АҚШ Қуролли кучлари Лотин Америкаси ва Кариб денгизи сувларига наркокартелларга қарши курашиш учун 4 мингдан ортиқ денгиз пиёдаси ва ҳарбий денгизчиларни жўнатмоқда. Бу ҳақда Пентагондаги манбаларга таяниб, CNN хабар берди.

Манбалардан бирининг айтишича, денгиз пиёдалари жойлаштирилиши уч ҳафтадан бери давом этаётган кенг кўламли ҳарбий кучларнинг қайта дислокацияси доирасида амалга оширилмоқда.

“Миссия доирасида АҚШ Қуролли кучлари Жанубий қўмондонлигига атом зарбаси берувчи сувости кемаси, қўшимча P8 Poseidon разведка самолёти, бир нечта эсминец ва ракета крейсери топширилади”, дейилади хабарда.

Яна бир манбанинг билдиришича, бу чоралар мамлакат миллий хавфсизлигига “махсус белгиланган наркотеррористик ташкилотлар”дан келаётган таҳдидларни бартараф этишга қаратилган. Ҳозирча АҚШнинг бу ҳаракатлари кўпроқ демонстратив тусда бўлиб, улар картелларга зарба бериш эмас, балки сигнал бериш учун амалга оширилмоқда.

Телеканал хабарига кўра, баъзи ҳарбийлар хавотир билдирмоқда, чунки денгиз пиёдалари ноқонуний гиёҳванд моддалар савдосини тўхтатиш бўйича махсус операцияларни ўтказишга тайёр эмас.

Маълумот учун, жорий йилнинг январь ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп инаугурация нутқида АҚШ наркокартелларни “террористик ташкилотлар” деб ҳисоблашини маълум қилганди. Унинг президентликка киришишидан аввал ҳам маъмуриятидаги юқори мартабали вакил бу қадам Трампнинг ички хавфсизликни таъминлаш бўйича миссиясини амалга ошириш учун “янги имкониятлар очишини” билдирган. Сиёсатчи картеллар фаолиятини бутунлай йўқ қилиш ниятида ва шу мақсадда ФҚБ ходимлари иштирокидаги махсус гуруҳларни тузишни режалаштирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мексикада наркокартеллар ўртасидаги қонли тўқнашувлар туфайли 20 киши ўлдирилгани, уларнинг тўрттаси бошсиз ҳолда кўприкка осилган ҳолда топилгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Кариб денгизи Лотин Америкаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг