АҚШ Ироқ Курдистонидаги ҳарбий техникаларини йиғиштиришни бошлади
Олам
−
10:51 1246 2 дақиқа
АҚШ қўшинларни олиб чиқишдан олдин Ироқ шимолидаги ўз ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимларини демонтаж қилишни бошлади. Ироқ Курдистонида жойлаштирилган америкалик ҳарбийлар техникани йиғиштиришга киришди. Бу ҳақда “Al Hadath” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар кучлари “шимолда жойлашган автоном минтақадан оғир ҳарбий техникани олиб чиқишни бошлаган”, шунингдек, “халқаро коалиция ҳар куни Ироқ ҳудудидан ташқарига камида битта ҳарбий техника колоннасини олиб чиқиб кетмоқда”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция Ироқ Курдистонидан ташқари Ироқ ҳудудидаги базалардан барча бўлинмалар ва ҳарбий маслаҳатчиларни олиб чиқиб кетгани эълон қилинган эди. 9 июль куни Ироқ Бош вазири Али аз-Зейди халқаро коалиция контингенти мамлакат ҳудудидаги ўз вазифаларини бажаришни 30 сентябрда якунлашини маълум қилди. Июль ўрталарида Америка Президенти Дональд Трамп Вашингтонда Али аз-Зейди билан учрашувда “АҚШ қўшинларининг Ироқда жойлаштирилиши энди талаб этилмаслигини” билдирган эди. Энди АҚШ ҳарбийлари ва халқаро коалиция кучлари жорий йилнинг 30 сентябрида Ироқ ҳудудини бутунлай тарк этиши керак.
Америка кучлари илк бор Ироққа 2003 йилда Саддам Ҳусайнни ағдариш учун кирган, 2011 йилда мамлакатни тарк этган ва сўнг уч йил ўтиб, Бағдоднинг илтимосига биноан давлатнинг катта қисмини эгаллаб олган “Ислом давлати” гуруҳига қарши курашиш учун қайтиб келган эди. Террорчилар тармоғи яккаланган ячейкаларгача қисқарганидан кейин Вашингтон ва Бағдод миссияни якунлашга келишиб олди. Курдлар назоратидаги шимолдан ташқари базаларнинг аксарияти ўтган йили бўшатилган.
Live
Барчаси