АҚШ генерал Кирилловнинг ўлдирилишига алоқадор эмаслигини эълон қилди

Олам

image

Вашингтон Россия Қуролли кучларининг Радиация, кимёвий ва биологик мудофаа кучлари бошлиғи Игорь Кирилловнинг ўлдирилишига алоқадор эмаслигини эълон қилди. Бу ҳақда кеча, 17 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Мэтью Миллер маълум қилди.

“Менда бу портлаш ҳақида ҳеч қандай баҳо йўқ. Айтишим мумкинки, АҚШ бу ҳақда олдиндан билмаган ва унда иштирок этмаган”, дейди у.

Шу билан бирга, Миллер Кириллов “бир қатор ваҳшийликларда иштирок этганини” қўшимча қилди.

“У Украина ҳарбийларига қарши кимёвий қурол қўллашда иштирок этган, унинг қўмондонлиги остидаги рус ҳарбийлари халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда жанг майдонида кимёвий жанговар воситалардан фойдаланган”, деди Давлат департаменти вакили.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова бунга жавобан “Киевга ҳомийлик қилган, пул бериб, назоратсиз қурол етказиб берганлар ўзларининг алоқадор эмаслигини қандай эълон қилишларини тинглаш кулгили” эканини айтди. Захарованинг даъво қилишича, Москва гўёки АҚШ баёнотларини рад этувчи “аниқ далиллар”га эга.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ "Reuters"нинг Украина Хавфсизлик хизматидаги манбаси Игорь Кириллов Украина махсус хизматининг махсус операцияси натижасида ўлдирилганини айтганди. Шу билан бирга, Украина Президенти девонининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк Киев террорчилик усулларидан фойдаланмаслигини ва “у ёки бу генералга оид қарорлар жанг майдонида қабул қилинишини” айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Россия Игорь Кириллов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг