АҚШ Ғазога халқаро кучларни жойлаштирмоқчи
Олам
−
04 Ноябрь 2025 2708 2 дақиқа
АҚШ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашига Ғазо секторида халқаро кучларни жойлаштириш ҳақидаги резолюция лойиҳасини тақдим этди. Бу ҳақда ушбу ҳужжат нусхасига таяниб, “Axios” нашри хабар берди.
Маълумотга кўра, “Махфий, бироқ сир эмас” деган белгига эга ҳужжат АҚШ ва бошқа давлатларга 2027 йил охиригача, камида икки йил муддатга секторни бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш учун кенг ваколат беради, кейинчалик бу муддат узайтирилиши ҳам мумкин.
Америкалик расмийнинг “Axios”га айтишича, ҳужжат яқин кунларда Хавфсизлик Кенгашида музокараларнинг асоси бўлиб хизмат қилади, мақсад – 2026 йил январига қадар Ғазода илк халқаро қўшинларни жойлаштириш. Манбага кўра, бу контингент “тинчликни сақловчи кучлар эмас, балки мажбурий чоралар кўрувчи кучлар” бўлади.
Халқаро кучлар таркибига бир неча давлатларнинг қўшинлари киради, уларнинг жойлаштирилиши эса АҚШ Президенти Дональд Трамп бошчилигидаги Тинчлик Кенгаши билан келишилади. Трамп бу кенгашни тузиш ҳақида жорий йилнинг сентябрь ойи охирида эълон қилган.
Мазкур кучлар Ғазо билан Исроил ва Миср чегараларининг хавфсизлигини таъминлаш, тинч аҳолининг ҳимояси ва гуманитар йўлакларнинг ишлашини кафолатлаш, шунингдек, Фаластин полициясини тайёрлаш учун масъул бўлади. Улар, шунингдек, Ғазо секторининг ҳарбийлаштирилишини тугатиш, ҳарбий, террорчилик ва ҳужум инфратузилмасини йўқ қилиш ҳамда қайта тикланишининг олдини олиш вазифаларини бажаради. Агар ҲАМАС ҳаракати ўз ихтиёри билан қурол топширмаса, уларни қуролсизлантиришни ҳам ўз ичига олади.
Ҳарбий контингент Ғазода ўтиш даврида хавфсизликни таъминлайди. Бу вақт мобайнида Исроил босқичма-босқич ўз қўшинларини олиб чиқиши, Фаластин маъмурияти эса секторни кейинчалик бошқариш имконини берувчи ислоҳотлар ўтказиши керак бўлади.
Лойиҳада айтилишича, халқаро кучлар Ғазода “Тинчлик Кенгаши учун мақбул ягона қўмондонлик остида” жойлаштирилади. “Axios”нинг маълумотига кўра, Индонезия, Озарбайжон, Миср ва Туркия ўз қўшинларини юборишга тайёр эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мирда Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги сулҳ имзоланганди. Бу келишувга АҚШ, Миср, Қатар ва Туркия воситачилигида, Трампнинг 20 банддан иборат тинчлик режаси асосида эришилган.
Мазкур режа ҲАМАС томонидан барча гаровдагиларни (тирик ва ҳалок бўлганларни) озод этиш, Исроил қўшинларини келишилган чизиққача олиб чиқиш, Ғазони вақтинча бошқарувчи Тинчлик Кенгашини тузиш, хавфсизликни таъминлаш учун халқаро ҳарбий контингент жойлаштиришни назарда тутади. Шунингдек, ҲАМАС аъзолари ўз қуролларини топширса, амнистия олади.
Live
Барчаси