АҚШ Эронга қарши зарбаларни юмшатиш ниятида эмас

Олам

image

АҚШ ҳарбийлари Эронга қарши бошланган кенг кўламли операцияни давом эттиради ва зарбаларни камайтириш режалаштирилмаяпти. Бу ҳақда бугун, 2 март куни АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) вакили капитан Тим Хокинс “Al Arabiya” нашрига берган интервюсида айтиб ўтди.

Унинг айтишича, АҚШ кучлари Эрондаги 1000 дан ортиқ нишонга зарба берган. Улар орасида: 

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси штаб-квартиралари;

Қўмондонлик ва бошқарув марказлари;

Ҳаво мудофааси тизимлари;

Баллистик ракета объектлари;

Ҳарбий алоқа тизимлари;

Эрон денгиз флоти кемалари ва сув ости кемалари бор.

АҚШ расмийсининг билдиришича, Эроннинг қарши ҳужумлари оқибатида камида уч нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, яна бир неча киши оғир яраланган. Яқин кунларда қурбонлар сони ошиши мумкин.

АҚШ–Исроил–Эрон уруши

Кеча, 28 февраль куни Исроил кутилмаган вақтда Эронга қарата ҳаводан зарбалар йўллади. Ушбу зарбалар Эроннинг муҳим объектлари – Президент қароргоҳи, давлат идоралари ва ядро иншоотларига теккани иддао қилинмоқда. Эроннинг “Mehr” ахборот агентлиги Теҳрондаги Эрон разведка биносига ҳам ҳужум қилинганини ёзган. Дастлабки манбаларга кўра, Эронга ўттиздан ортиқ ракеталар йўлланган бўлиши мумкин.

Орадан бироз вақт ўтиб Исроил Мудофаа кучлари Эронга ҳужумни расман тасдиқлаган. Шунингдек, Мудофаа вазирлиги Исроил фуқароларидан хавфсиз жойга яширинишни сўраган. Мамлакатда шошилинч равишда фавқулодда ҳолат эълон қилинган.

Шу орада АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон бўйича операциялар ҳақида 8 дақиқалик баёнот берган ва унда Эронга қилинган ҳужумда АҚШнинг иштирок этганини тасдиқлаган. Унинг қайд этишича, Эронга қилинган ҳарбий опреациялар Америка халқини ҳимоя қилиш учун амалга оширилмоқда. У ўз баёнотида эронликларни амалдаги тузумни ағдаришга чақирган. Трамп Эрон ҳарбий хизматчиларига таслим бўлишни ва бунинг эвазига “иммунитет” олишни таклиф қилди ёки “муқаррар ўлим”ни танлашлари мумкинлигини айтган.

Қолаверса, барча воқеаларни бир четдан кузатиб турган Эрон собиқ валиаҳд шаҳзодаси Ризо Паҳлавий ҳам Эрон халқига мурожаат қилиб, мамлакат учун ҳал қилувчи лаҳзалар келганини таъкидлаган. Шунингдек, у бу сўнгги жанг эканини ва унда Эрон халқи Ислом Республикаси тузуми устидан ғалаба қозонишини таъкидлаган.

Орадан кўп вақт ўтмай энди Эрон Исроил давлати ҳудудига қарата зарба йўллашни бошлади.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҳам ҳужумларни тасдиқлаб, баёнот берган. Унга кўра, Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши қўшма операцияси Эрон террор режими келтириб чиқараётган таҳдидни бартараф этишга қаратилган. Нетаньяху махсус мурожаатида сўнгги 47 йил давомида Эрон раҳбарияти Исроил ва АҚШга қарши очиқ таҳдидлар қилган ҳамда минтақада зўравонлик сиёсатини юритганини айтган.

Аввалроқ, Эрон давлат телевидениеси Хоманаий Исроил ва АҚШ томонидан ўлдирилганини хабар қилган эди. Эроннинг “Tasnim” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, у кеча, 28 февраль куни эрталаб ўз ишхонасида ўлдирилган. Оятуллоҳнинг вафоти муносабати билан мамлакат бўйлаб 40 кунлик умумхалқ мотами ва 7 кунлик умумхалқ дам олиш кунлари эълон қилинди.

Шунингдек, Эрон ҳудудига уюштирилган ҳужум чоғида Оятуллоҳнинг оила аъзоларидан тўрт киши – қизи, куёви, набираси ва келинларидан бири ҳам ҳалок бўлган.

Қайд этиш жоиз, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Ислом Республикаси Олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти тасдиқланганидан сўнг, мамлакат “Қуролли кучлари тарихидаги энг шиддатли ҳужум операцияси” бошланганини маълум қилганди.

Шундан сўнг, Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакат Исроил ва АҚШга қарши янги ҳужумлар бошланганини эълон қилди.

Расмийлар АҚШ қурол-яроғ захиралари жуда тез сарфланаётганидан хавотир билдирмоқда. 

АҚШ Давлат департаменти фуқароларни ҳушёр бўлишга чақирган. Яқин Шарқдаги айрим элчихоналарда ходимлар ва уларнинг оила аъзолари эвакуация қилинмоқда. Шунингдек, АҚШ ичкарисида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Вашингтонда, жумладан Капитолий атрофида қўшимча хавфсизлик кучлари жойлаштирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Лорижоний Теҳрон АҚШ билан ҳеч қандай музокара олиб бормаслигини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон операция CENTCOM

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг