АҚШ Эрон олдига 24 соатлик талаб қўйди
Олам
−
11 июл 5880 2 дақиқа
АҚШ Эрондан Ҳормуз бўғозида кемаларга ҳужумларни тўхтатиши ҳамда бўғоздаги барча денгиз йўлаклари халқаро кемалар ҳаракати учун очиқ эканини расман эълон қилишни талаб қилди. Бу ҳақда “Axios” хабар берди.
АҚШ расмийлари уч ҳафта аввал томонлар ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандумига қарамай, Эрон бўғоз ва унинг атрофидаги тижорат кемаларига бир неча бор ўқ узганини даъво қилмоқда. Уларнинг айтишича, бу ҳаракатлар икки томон ўртасидаги мўрт сулҳни издан чиқарган ҳамда ядровий музокараларга нисбатан ишончни сусайтирган.
Маълум қилинишича, эртага, 12 июль куни Уммон пойтахти Маскатда Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ва Уммон Ташқи ишлар вазири Саййид Бадр ал-Бусаидий учрашиб, Ҳормуз бўғози ва денгиз хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилади. Вашингтон айнан ушбу учрашувдан сўнг, Теҳроннинг расмий баёнот беришини кутмоқда.
АҚШ расмийларидан бири Эрон кемаларга ҳужумларни тўхтатиши, Ҳормуз бўғозидаги барча йўлаклар очиқлигини эълон қилиши ҳамда хатога йўл қўйганини очиқ ёки билвосита тан олиши кераклигини билдирган.
Яна бир АҚШ расмийси эса, агар Теҳрон бундай қадамни ташламаса, бунинг оғир оқибатлари бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШнинг Эронга берган янги зарбаларидан сўнг, Баҳрайн ва Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектларига ракета ва дронлар билан ҳужум қилган эди.
Live
Барчаси