АҚШ дунё мамлакатларини маймунчечакка қарши бир ёқадан бош чиқаришга чақиряпти
Саломатлик
−
24 Июль 2022
7506АҚШ маъмурияти Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маймунчечак эпидемиясини жамоат саломатлиги учун фавқулодда ҳолат деб эълон қилганидан келиб чиқиб, вирус тарқалишини назорат қилиш учун халқаро ҳамжамият томонидан келишилган ҳаракатлар зарурлигини таъкидламоқда. Бу бўйича Оқ уйнинг пандемия масалалари бўйича координатори Раж Панжобийнинг тегишли баёноти эълон қилинди.
Унинг сўзларига кўра, ЖССТнинг бу қадами жаҳон ҳамжамиятини ушбу вирус тарқалишини тўхтатиш учун ҳаракатга чақиришдир.
“Маймунчечак тарқалишини тўхтатиш, инфекцияга энг заиф ҳудудларни ҳимоя қилиш ва ҳозирги эпидемияни назорат қилиш учун мувофиқлаштирилган халқаро ҳаракатлар зарур", дейди у.
АҚШ маъмурияти расмийсининг сўзларига кўра, мамлакат ҳукумати аввалроқ маймунчечак касаллигига қарши кураш стратегиясини маъқуллаган. Бу, хусусан, вакциналарни сотиб олиш ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, уларни бутун мамлакат бўйлаб тарқатишни назарда тутади. Бундан ташқари, Вашингтон жамоатчиликка маймунчечакни текшириш учун қўшимча имкониятларни тақдим этиш ва кўпроқ тушунтириш ишларини олиб бориш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотиБош директори Тедрос Аданом Гебреисус кеча бошида маймунчечак эпидемиясини халқаро аҳамиятга молик жамоат саломатлиги фавқулодда ҳолат деб эълон қилди. Ташкилот раҳбарининг сўзларига кўра, ҳозирда 75 та давлат ва ҳудудларда 16 мингдан ортиқ инфекция ҳолатлари қайд этилган ва беш киши вафот этган.
Маълумот учун, маймунчечак камдан-кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, асосан тропик ўрмонлар яқинида жойлашган марказий ва ғарбий Африканинг чекка ҳудудларида кузатилади. Ушбу касалликни ҳайвонлардан одамларга юқтиришнинг биринчи ҳолати 1970 йилда Конго Демократик Республикаси ҳудудида қайд этилган. ЖССТ маълумотларига кўра, вирус одамларга кемирувчилар ва приматлар каби ёввойи ҳайвонлардан юқади ва унинг одамдан одамга юқиши орқали иккиламчи тарқалиши чекланган. Одатда, маймунчечак эпидемияси учун ўлим даражаси 1% дан 10% гача. Ўлимнинг аксарияти ёш гуруҳларда содир бўлади. Маймунчечакка қарши махсус эмлаш мавжуд эмас, аммо чечакка қарши эмлаш бу касалликдан 85% даражада ҳимоя қилади.
LiveБарчаси