АҚШ дипломатлари 12 йил ичида илк бор Дамашққа борди
Олам
−
20 Декабрь 2024 3593 2 дақиқа
2012 йилдан бери биринчи марта АҚШнинг учта юқори мартабали дипломати Сурия пойтахти Дамашққа борди. Бу ҳақда “Тhe Washington Post” нашри хабар берди.
Хабарга кўра, АҚШ давлат департаментининг Яқин Шарқ масалалари бўйича катта маслаҳатчиси Дэниель Рубинштейн Давлат департаментининг Сурия бўйича дипломатик фаолиятни бошқаради. Шунингдек, делегация таркибига АҚШ Давлат котибининг Яқин Шарқ масалалари бўйича ёрдамчиси Барбара Лиф ва Президентнинг гаровга олинганлар бўйича махсус вакили Рожер Карстенс ҳам Сурияга ташриф буюрган. Бу ташриф АҚШнинг Суриядаги элчихонаси ёпилганидан кейинги биринчиси бўлди.
Давлат департаменти баёнотига кўра, дипломатлар АҚШнинг Сурияда элчихонасини очиш имкониятларини баҳолашга ҳаракат қилади. Бундан ташқари, ташрифнинг асосий мақсадлари сирасига 12 йилдан кўпроқ вақт аввал Сурияда ғойиб бўлган америкалик журналист Остин Тайс ҳамда терапевт Мажд Камалмазнинг қаердалигини аниқлаш ҳам киради. Дипломатлар Суриянинг янги ҳукумат вакиллари билан ҳам музокаралар олиб боради, бироқ улар унинг раҳбари ал-Жўлоний билан учрашадими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас.
Маълумот учун, америкалик журналист Остин Тайс 12 йил олдин Дамашқ яқинида ўғирлаб кетилганидан бери бедарак йўқолган, терапевт Камалмаз эса 2017 йилда ғойиб бўлган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 декабрь куни Дамашқдаги немис дипломатлари ҳам илк бор “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” гуруҳи раҳбари Аҳмад аш-Шара (тахаллуси Абу Муҳаммад ал-Жўлоний) билан тўғридан тўғри алоқа ўрнатганди.
Диёржон Қувондиқов
Live
Барчаси