АҚШ чегараларида тўпланган мигрантлар сони рекорд даражага етди. Бунга сабаб нима?
Таҳлил
−
09 Февраль 2024 8782 3 дақиқа
АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти даврида муҳожирларнинг мамлакат чегарасида тўпланиши рекорд даражага етди. Бу ҳолат Байден учун сайлов олдидан жиддий “бош оғриғи” бўлиши кутилмоқда. Америкаликлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, уларнинг учдан икки қисми Байденнинг бу борадаги ҳаракатларини қоралайди.
Байденнинг ноябрь ойида бўлиши кутилаётган президентлик сайловидаги эҳтимолий рақиби Дональд Трамп шу ҳафта муаммони ҳал қилишга уринаётган партиялараро қонун лойиҳасини қоралаб, унинг етарлича кескин эмаслигини айтди. Байден даврида АҚШга ноқонуний ўтаётган 6,3 миллиондан ортиқ муҳожир ҳибсга олинган бўлиб, бу Трамп, Обама ва Жорж Буш даврига нисбатан анча ошиб кетди.
BBC АҚШ чегарасидаги вазият юзасидан мутахассислар фикрига таяниб, бунинг асосий сабабини ўрганди. Унга кўра, мигрантлар сонининг кўпайишига амалдаги ҳукуматдан олдинги раҳбарлар ҳам сабабчи бўлган.
Карантиндан кейин мигрантларнинг Америкага келишига талаб ошди
Мигрантлар сони 2018 йилда ўсишни бошлади. Бунга, асосан, марказий америкаликларнинг уюшган зўравонлик, қашшоқлик, сиёсий репрессия ва табиий офатлардан қочиши сабаб бўлди. 2019 йилнинг ёзида ноқонуний мигрантлар сони яна камайди, АҚШ расмийлари буни Мексика ва Гватемала томонидан босим кучайгани билан изоҳлади.
Мигрантлар оқими 2020 йил бошида пандемия давридаги чекловлар сабаб ўша йилнинг март ва апрель ойларида миграция 53 фоиздан кўпроққа қисқарди. Чекловлар 2021 йил бошида бекор қилинганидан бери рақамлар доимий равишда ўсиб борди ва 2023 йил декабрида 302 000 дан ошди.

"Ўшанда биз ҳаракатланиш чекловлари юмшаганидан кейин марказий америкаликларнинг ва бутун минтақа бўйлаб кўчишига гувоҳ бўлдик. Мамлакатга нафақат Венесуэла, шунингдек, Колумбия, Эквадор ва ундан узоқроқ жойлардан ҳам одамлар оқиб кела бошлади”, дейди Вашингтонда жойлашган Миграция сиёсати институтининг сиёсат таҳлилчиси Ариэл Руиз Сото. Унинг қўшимча қилишича, муҳожирлар орасида ҳозир Ғарбий Африка, Ҳиндистон ва Яқин Шарқ каби олис давлат фуқаролари ҳам бор.
Америка қитъасидан ташқаридаги мигрантларнинг энг катта қисми хитойликлар ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили АҚШ-Мексика чегарасида 37 мингдан ортиқ Хитой фуқароси ҳибсга олинган бўлиб, бу икки йил аввалги кўрсаткичдан 50 баравар кўп.
Глобал миграция тенденциялари
Сўнгги бир неча йил ичида АҚШ-Мексика чегарасида муҳожирлар сонининг кўпайиши билан бир вақтда, дунёнинг бошқа бой мамлакатларига ҳам мигрантлар оқими кучайган. Иқтисодий Ҳамкорлик ва Тараққиёт Ташкилотининг (OECD) ўтган йил охирида эълон қилган статистик маълумотларига кўра, 2022 йилда ташкилотнинг 38 аъзо давлатига доимий яшаш мақсадида 6,1 миллион нафар муҳожир кўчиб ўтган, бу 2021 йилга нисбатан 26 фоизга ва 2019 йилга нисбатан 14 фоизга кўп дегани.
2022 йилда АҚШдан бошпана топганлар сони икки баравар кўпайди. Бунинг асосий қисмини Венесуэла, Никарагуа ва Кубадан келган муҳожирлар ташкил этади. АҚШ гуманитар миграция даражаси бўйича Германиядан кейин иккинчи ўринда турибди.
Трампдан Байденгача
Муҳожирлар оқимининг кучайишига 2021 йилда Оқ уйдаги ўзгариш ҳам ҳисса қўшди, дейди баъзи экспертлар. Президент Трампнинг асосий ваъдаси, гарчи у ҳеч қачон амалга ошмаган бўлса ҳам, чегарада девор қуриш ва депортация сонини кўпайтириш эди. Кўпчилик томонидан шафқатсиз деб қораланган ҳолат: болаларнинг ҳибсга олинган ота-оналаридан ажралиши акс этган мақолалар АҚШ давлат чегараларини ёпаётгани ҳақидаги таассуротни кучайтирди.
Президент Байден даврида вазият ва сиёсат ўзгарди. Депортация қилинганлар сони камайди, мигрантларни Мексикага тезда қайтариш, чегара деворини қуриш каби уларни "тўхтатишга қаратилган" сиёсат тугади. Мигрантлар иммиграция бўйича суд саналарини кутиш учун АҚШда шартли равишда қолишига рухсат берилди - бу жараён кўп йиллар давом этиши мумкин.

Чегарани ноқонуний равишда кесиб ўтмоқчи бўлган одамларнинг BBC’га берган маълумотига кўра, улар АҚШга кириш ва у ерда қолиш энди осонроқ бўлади, деб ўйлаган. Контрабандачилар эса, президент ўзгарганидан фойдаланиб, чегарага шошилиш керак, деган фикрни илгари сурган.
Моҳинур Маматова
Live
Барчаси