АҚШ бутун Ғазо аҳолисини кўчиришни режалаштирмоқда – WP
Олам
−
01 Сентябрь 3212 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмуриятида тарқалган Ғазо секторининг урушдан кейинги режаси ушбу ҳудудни камида 10 йил давомида АҚШ назорати остига ўтказишни назарда тутади. Бу вақт ичида сектор гуллаб-яшнаётган туристик курортга ва юқори технологияли ишлаб чиқариш марказига айланиши керак. Бу ҳақда кеча, 31 август куни муҳаррирлар кўриб чиққан ҳужжатга таяниб, “The Washington Post” нашри хабар берди.
Таъкидланишича, 38 саҳифалик режа Ғазо секторининг бутун икки миллион аҳолисини камида вақтинча кўчиришни кўзда тутади: ё бошқа мамлакатга “ихтиёрий” кетиш йўли билан ёки тикланиш даврида одамларни ушбу ҳудуддаги хавфсиз зоналарга жойлаштириш орқали. Ер эгаларига реконструкция қилиш ҳуқуқи эвазига рақамли токен таклиф этилади.
Қайд этилишича, ушбу актив бошқа жойдаги ҳаётни молиялаштириш учун ишлатилиши ёки кейинчалик сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилган ва ташкил этилган Ғазо секторидаги олти-саккизта “ақлли шаҳар”дан биридаги квартирага алмаштирилиши мумкин. Шу билан бирга, кетишга қарор қилган ҳар бир фаластинликка 5000 доллар нақд пул, шунингдек, тўрт йиллик ижара ва бир йиллик озиқ-овқат берилади.
WP маълумотларига кўра, ушбу режа бўйича Ғазо секторини реконструкция қилишни бошқарадиган Ғазони қайта қуриш, иқтисодий жадаллаштириш ва ўзгартириш (GREAT Trust) деб номланган мақсадли жамғарма қисман Исроил ва Қўшма Штатлар томонидан минтақага гуманитар ёрдамни тарқатиш учун ташкил этилган баҳсли Ғазо гуманитар жамғармасини ишга туширган одамлар томонидан яратилган. Икки манбага кўра, Ғазони реконструкция қилиш режасининг асосий элементлари Дональд Трампнинг ҳудуд ҳақидаги “Яқин Шарқ Ривьераси” қарашини акс эттиради. Режа давлат ва хусусий маблағлар ҳисобидан молиялаштирилиши кутилмоқда.