АҚШ бошқа давлатларни Вашингтон ёки Пекиндан бирини танлашга мажбурламайди – Блинкен
Олам
−
09 Июнь 2023
5260АҚШ Форс кўрфази давлатларидан ҳамкорлик масалаларида Вашингтон ва Пекин ўртасида танлов қилишини талаб қилмайди. Бу ҳақда кеча, 8 июнь куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири, шаҳзода Файсал бин Фархон ал-Сауд билан Ар-Риёдда ўтказган матбуот анжуманида айтиб сўз очди.
“Биз жуда аниқ айтдик: биз ҳеч кимдан Қўшма Штатлар ва Хитой ўртасида танлов қилишни сўрамаганмиз. Шунчаки биз билан ишлашнинг афзалликларини кўрсатишга ҳаракат қилмоқдамиз. Мен сўнгги икки ярим йил ва охирги бир неча кун ичида Ар-Риёдда бўлиб турган ҳамкорлардан эшитганларимга кўра, АҚШ минтақадаги аксарият давлатлар учун биринчи рақамли танлов бўлиб қолмоқда”, деган Блинкен.
Орадан кўп ўтмай, бугун, 9 июнь куни Хитой томони Блинкеннинг баёнотига муносабат билдирган. Пекин АҚШ дипломатик тузилмалари бошқа давлатлардан АҚШ ва Хитой ўртасида танлов қилишни талаб қилмаслигига умид қилишини билдирган.
“Биз АҚШнинг дунёдаги дипломатик ваколатхоналари Давлат котиби Блинкеннинг ҳеч бир давлатдан АҚШ ва Хитой ўртасида танлов қилишни сўрамаслик ҳақидаги ваъдасини бажаришига умид қиламиз”, деган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбинь.
Унинг қўшимча қилишича, Вашингтон хитойлик компанияларга нисбатан тазйиқ ўтказишни, иттифоқчиларини Хитойга чип экспортини чеклашга мажбурлашни ва кам ривожланган давлатлар учун “Хитой қарз тузоғи” деб аталадиган нотўғри маълумот тарқатишни бас қилиши керак.
“Бир пайтлар Америка Қўшма Штатларининг биринчи президенти Жорж Вашингтон дўстликнинг ҳақиқий ўлчови сўзлар эмас, балки ҳаракатлардир, деб айтган эди. Биз АҚШ нима дейишига қизиқамиз, лекин улар нима қилаётганига кўпроқ эътибор қаратамиз”, деган хитойлик дипломат.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь