АҚШ аввалроқ тўхтатилган бомбалар партиясини Исроилга етказиб беради – WSJ
Олам
−
11 Июль
2826Вашингтон маъмурияти яқинда Исроилга АҚШ ҳукумати томонидан етказиб берилиши тўхтатилган бомба юкларини юборади. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” манбаларга таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, АҚШ яҳудий давлатига оғирлиги 500 фунт (тахминан 227 кг) бўлган бомбаларни жўнатади. Уларни етказиб бериш май ойида Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрига ҳужуми туфайли тўхтатилган эди.
Нашр маълумотларига кўра, бомбалар партияси “жўнатиш жараёнида”. Ўқ-дорилар яқин ҳафталарда Исроилга етиб келиши кутилмоқда.
Маълумот учун, Байден 9 май куни CNN телеканалига берган интервьюсида АҚШ Рафаҳда йирик ҳарбий операция ўтказса, Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатишини айтганди. Шу куни АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Вашингтон Рафаҳ атрофидаги вазият билан боғлиқ ҳолда яҳудий давлатига қисқа муддатли ҳарбий ёрдамнинг айрим турларини кўриб чиқаётганини тушунтирди. Унинг баёнотларидан маълум бўлишича, юқори қувватли ҳаво бомбаларини етказиб бериш вақтинча тўхтатилган.