АҚШ Афғонистондаги ҳарбий техникаларни қайтариб олмоқчи – Трамп

Олам

image

АҚШ маъмурияти 2021 йилда америкалик қўшинлар Афғонистонда қолдирган барча ҳарбий техника ва қуролларни қайтариб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда бўлиб ўтган ўзининг биринчи кабинет йиғилишида маълум қилди.

“Биз миллиардлаб, ўнлаб миллиард доллар қийматидаги техникани ортимизда қолдирдик, мутлақо янги юк машиналари. Ҳар йили уларни оммага кўрсатиш учун намойиш қилишаётганини кўриб турибсиз. Буларнинг барчаси энг яхши техника. Ўйлайманки, биз ушбу техниканинг катта қисмини қайтариб олишимиз керак”, деди у.

Трампнинг фикрича, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати АҚШ қуролларини оммавий равишда сотмоқда, натижада Афғонистон дунёдаги энг йирик ҳарбий техника сотувчиларидан бирига айланмоқда.

“Бунга ишонасизми? Улар 777 минг дона милтиқ, 70 мингта зирҳли юк машиналари ва транспорт воситаларини сотишмоқда. Биз у ерда 70 мингта транспорт воситасини қолдирдик. Ўйлайманки, биз уларни қайтариб олишимиз керак”, деди у.

Трампдан унинг маъмурияти 2021 йил август ойида Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш режасини ишлаб чиққан ҳарбий хизматчиларга нисбатан қандай чоралар кўриши ҳақида сўралди. Унинг ёнида ўтирган Мудофаа вазири Пит Хегсет бу борада Пентагон ичида аудит ўтказаётганини маълум қилди.

“Ва тўлиқ жавобгарлик таъминланади. Мен бу гуруҳдагилар орасида катта лавозимга кўтарилишлар бўлишини кўрмаяпман. Ўйлайманки, улар асосан ўз лавозимларини тарк этади”, деди у.

Трамп ўзидан олдинги президент Жо Байден Афғонистоннинг Парвон вилоятидаги Баграм ҳарбий-ҳаво базасида АҚШ ҳарбий иштирокини сақлаб қолиши керак эди, деб таъкидлади. Унга кўра, АҚШ тарк этган ушбу базани Хитой Халқ озодлик армияси эгаллаб олган, бироқ Пекин бу даъволарни рад этмоқда.

Қайд этиш жоиз, 2021 йил 14 апрелда Байден АҚШ тарихидаги энг узоқ давом этган хорижий ҳарбий кампания бўлган Афғонистон операциясини тугатиш қарорини қабул қилганини эълон қилди. АҚШ бу урушни 2001 йил октябрь ойида бошлаган эди. 2010-2013 йилларда операция чўққисига чиққан ва Афғонистонда Ғарбий давлатларнинг 150 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси жойлашган эди.

Америкалик қўшинларнинг олиб чиқилиши 2021 йил май ойида бошланди. АҚШ ва НАТОнинг асосий жанговар бўлинмалари Афғонистонни 2014 йилда тарк этган эди. 2021 йил сентябрь ойи бошига келиб, АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни тўлиқ тарк этди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ расмий Тошкент афғон ҳарбий учувчилари 2021 йилда “Толибон” ҳаракатидан қочиш учун Ўзбекистонга учиб келган еттита Black Hawk вертолётини АҚШга топширган эди. Кейинроқ, “Толибон” ушбу вертолётларни Афғонистонга қайтаришни талаб қилди. “Толибон” бу масалада хавотирдалигини билдирган ва вертолётларнинг Афғонистонга тегишли эканини даъво қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Дональд Трамп ҳарбий техника

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг