АҚШ 5 йилда биринчи марта ядровий қуроллари сонини очиқлади

Олам

image
0:00
0:00
download

АҚШ 2020 йил 30 сентябр ҳолатига кўра 3 750 та фаол ва ҳаракатсиз ядровий каллакка эга. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти маълум қилди.

Давлат департаменти бу маълумотни 2016 йилдан бери биринчи маротаба ошкор қилди, чунки собиқ Президент Дональд Трамп бундай маълумотларни нашр этишни тақиқлаб қўйганди.

Қайд этилишича, 2020 йилда АҚШнинг ядровий қуроллари 2019 йилга нисбатан 55 та 2017 йилга нисбатан эса 72 та камайган.

“Бу рақам АҚШ тарихида Совет Иттифоқи билан бўлиб ўтган “Совуқ уруш” давридан бери энг паст кўрсаткичдир. Ўша пайтда АҚШ ўз арсеналида 31 мингдан ортиқ ядровий қуролга эга эди”, дейилади нашр хабарида.

Давлат департаментининг таъкидлашича, статистик маълумотларнинг чиқарилиши Президент Жо Байден маъмурияти Россия билан ядровий қуролсизланиш бўйича Трамп даврида тўхтаб қолган музокараларни тиклашга уринаётганидан далолат беради.

Қўшма Штатлар ва Россия Федерацияси ўртасидаги стратегик ҳужум қуролларини янада қисқартириш ва чеклаш чора-тадбирлари тўғрисидаги амалдаги шартнома (СНВ-III) икки давлат қурол-яроғларида ядровий ўқларнинг сонини чеклайди. Агар томонлар янги шартнома тузмаса, амалдаги шартнома муддати тугагач, ҳар икки томон ҳам чекловлардан воз кечиши мумкин.

Шартномада ҳар икки томон ҳам ядровий каллакларни 1 550 донага, қитъалараро баллистик ракеталарни, сув ости кемаларининг баллистик ракеталарини ва оғир бомбардимончиларни 700 тагача қисқартириш кўзда тутилган.

Хабарда таъкидланишича, Женевада россиялик ва америкалик дипломатлар ёпиқ эшиклар ортида учрашиб, СНВ-III ўрнига тузаладиган келишувга тайёргарлик кўриш ҳақида музокалар ўтказган. Оқ уй манбалари музокараларни “самарали” деб атаган.

Стокгольм халқаро тинчлик тадқиқотлари институти маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь ойида АҚШ ўз арсеналида 5 550 та, Россияда 6 255 та, Хитойда 350 та, Буюк Британияда 225 та, Францияда 290 та каллаклар бўлган.

Институтга кўра, “ядро клуби” таркибига кирмайдиган Ҳиндистон, Покистон, Исроил ва Шимолий Корея арсеналларида жами 460 га яқин ядровий каллаклар бор.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ ядровий қурол

Баҳолаганлар

292

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг