АҚШ 2001 йил 11 сентябрда бошланган уруш даврини тугатиши керак – Байден
Олам
−
24 Сентябрь
4257Қўшма Штатлар 2001 йил 11 сентябрдаги террор ҳужуми билан бошланган уруш даврини тугатиши керак. Бу ҳақда АҚШ Президенти Жо Байден бугун, 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 79-сессиясида сўз очди.
У 2001 йил 11 сентябрда Усома бин Ладеннинг буйруғи билан “Ал-Қоида” гуруҳи террорчилари АҚШ шаҳарларига қилган ҳужумини эслади.
“Биз унинг учун адолат қозондик. 11 сентябрда бошланган уруш даврини тугатишимиз керак”, дейди Байден.
Байден мамлакат собиқ президенти Барак Обама даврида вице-президент сифатида АҚШ Ироқдаги ҳарбий амалиётларини тўхтатганини, унинг президентлиги даврида эса қийин бўлишига қарамай тўғри қарор билан АҚШ Афғонистонни тарк этганини таъкидлади.
Бундан ташқари, у Украинадаги можаро ва Фаластин-Исроил қарама-қаршилиги ҳақида ҳам сўз очди.
“Мен биламан, кўп одамлар бугун дунёдаги вазиятга боқиб, машаққатларни кўради ва уларга умидсизлик билан муносабатда бўлади. Лекин мен бундай деб ўйламайман. Дунё етакчилари сифатида бизда бундай ҳашамат йўқ. Мен Украина, Ғазо, Судан ва ундан ташқаридаги муаммоларни тан оламан – уруш, очарчилик, терроризм, кўчирилган одамлар, иқлим инқирози, таҳдид остидаги демократия... Рўйхатни давом эттиришимиз мумкин. Лекин ўнлаб йиллар давомида бирга қилган ишларимиз туфайли умидим бор. Олдинга йўл борлигини биламан”, деди АҚШ Президенти.
Шунингдек, у дунё тарихий янги бурилиш нуқтасида эканига ишонишини ва бугунги танловлар ўнлаб йиллар кейинги келажакни белгилашини таъкидлади.
Бундан ташқари, Жо Байден Ғарб Украина БМТ Низомига мувофиқ адолатли ва барқарор тинчликка эришмагунча уни қўллаб-қувватлашни тўхтатмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Конгрессдан Украинага 5,8 миллиард доллар миқдорида ҳарбий ёрдам ажратиш бўйича муддати тугайдиган ваколатни узайтиришни талаб қилган эди.
LiveБарчаси