АҚШ 19 давлатдан иммиграция аризаларини кўриб чиқишни тўхтатди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Вашингтон миллий хавфсизликка таҳдид, деб ҳисоблаган 19 давлат фуқароларининг барча иммиграция аризаларини кўриб чиқишни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақдаги меморандум кеча, 2 декабрь куни АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати томонидан эълон қилинди. 

Чекловлар асосан Яқин Шарқ ва Африкада жойлашган мамлакатларга тааллуқли: Эрон, Судан, Ливия, Эритрея, Гаити, Сомали, Яман, Афғонистон, Туркманистон, Чад Республикаси, Того, Сьерра-Леоне, Экваториал Гвинея, Бурунди, Конго Республикаси, Мьянма, Лаос, Куба ва Венесуэла.

“Энди ушбу мамлакатлардан бири фуқароси ёки у ерда туғилган шахс АҚШда доимий яшаш ҳуқуқи (грин-карта) ёки фуқаролик олишни истаса, миллий хавфсизликка оид барча эҳтимолий таҳдидларни тўлиқ баҳолаш учун бир ёки икки марта суҳбатни ўз ичига олган қўшимча текширувдан ўтиши шарт”, дейилади ҳужжатда.

АҚШ расмийлари, шунингдек, илгари мақбул деб топилган доимий резидентлик аризаларини, грин-картани янгилаш бўйича мурожаатларни ва миграцион мақомга оид бошқа ҳужжатларни ҳам қайта текширишини маълум қилди.

Оқ уй яқинидаги отишма ортидан чоралар кучайтирилди.

Бундан олдин АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати барча бошпана сўраш аризалари ва депортацияни тўхтатиш тўғрисидаги илтимосларни фуқароликдан қатъи назар “комплекс текширув тугаллангунча” вақтинча тўхтатган эди.

Бу чоралар 2025 йил 26 ноябрда Вашингтондаги Оқ уй яқинида содир бўлган отишмага жавоб сифатида жорий этилди. Миллий гвардиянинг икки ҳарбийсига Афғонистондан келган Раҳманулло Л. ўқ ўзган. Улардан бири шифохонада вафот этган, иккинчиси оғир аҳволда қолмоқда.

Маълумотларга кўра, Раҳманулло Л. 2021 йилда Афғонистондан АҚШга кириб келган. У ўз ватанида АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилгани учун “Толибон” ҳокимиятни қўлга киритганидан кейин Америкага кўчиб ўтиш ҳуқуқини олган. CNN маълумотларига кўра, у 2024 йилда бошпана сўраб мурожаат қилган ва 2025 йил бошида унга мақбул жавоб берилган.

Дональд Трамп бу ҳодисани “даҳшатли” деб атади ва Байден президентлиги даврида Афғонистондан АҚШга кирган барча хорижликлар қайта текширилишини маълум қилди. Шунингдек, у АҚШ “бу ерда бўлиши тегишли бўлмаган ҳар қандай чет эл фуқаросини депортация қилиш учун зарур чораларни кўради”, деб таъкидлади. Бироқ АҚШ ОАВ ёзишича, Раҳманулло Л.нинг бошпана сўрови айнан Трампнинг иккинчи инаугурациясидан кейин қондирилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ иммиграция

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг