АҚШ ҳукумати Россияни терроризм ҳомийси деб эълон қилишнинг оқибатидан қўрқмоқда
Олам
−
19 Август 2022
11954АҚШ Давлат департаменти Конгрессга Россияни терроризмга ҳомийлик қилувчи давлатлар рўйхатига киритишининг эҳтимолий салбий оқибатларидан хавотирда экани ҳақида норасмий маълумот берди. Бу ҳақда кеча, 18 август куни “Politico” газетаси манбаларга таяниб хабар берди.
Ташқи сиёсат расмийлари шу ҳафта Конгрессга бундай ҳаракат Украина портларидан дунёга дон етказиб бериш тўғрисидаги келишувни хавф остига қўйишидан хавотирда эканини билдирган. Таъкидланишича, агар Россия терроризм ҳомийлари қаторига қўшилса, “Россия ўз мажбуриятларини бажаришига кафолат йўқ”, бу эса ўз навбатида озиқ-овқат хавфсизлигига таъсир қилиши ва очликка сабаб бўлиши мумкин.
Нашрнинг ёзишича, Конгресс ташаббуси қўллаб-қувватланса, АҚШ ўз компанияларига Россия билан бизнес алоқаларини тўхтатиб қўйишига тўғри келади.
22 июль куни Истанбулда жаҳон бозорларига озиқ-овқат ва ўғит етказиб бериш муаммосини ҳал этиш бўйича ҳужжатлар тўплами имзоланди. Истанбулда қурол контрабандаси ва провокацияларнинг олдини олиш мақсадида дон кемаларини текширишга мўлжалланган Россия, Туркия, Украина ва БМТ вакилларидан ибора марказ тузилди.
27 июль куни АҚШ Сенати Давлат департаментини Россияни терроризм ҳомийси сифатида деб тан олишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатда Чеченистон, Грузия, Сурия ва Украинадаги воқеалар тегишли қарорга асос сифатида кўрсатилган. Аввалроқ Киев Вашингтонга Россияни террор ҳомийлари рўйхатига киритишни сўраб мурожаат қилган эди. 28 июль куни ҳар икки партия конгрессменлари гуруҳи Вакиллар палатасига худди шундай ҳужжат тақдим этиш ниятида эканликларини маълум қилди.
Терроризм ҳомийлари рўйхатига Вашингтон назарида “халқаро террорчилик ҳаракатларини қайта-қайта қўллаб-қувватлаган” давлатлар киритилиши мумкин. Америка маъмурияти рўйхатдаги давлатларга нисбатан санкциялар қўллаш нуқтаи назаридан кенг ваколатларга эга. АҚШ Ғазначилик департаменти ушбу юридик ва жисмоний шахсларга, шунингдек, рўйхатдаги мамлакатлар билан савдо қилувчи давлатларга қарши чоралар кўриши мумкин. Рўйхатга ҳозирда Эрон, Шимолий Корея, Куба ва Сурия киритилган.
LiveБарчаси