АҚШ ҳарбийларининг тестостерон даражаси текширилади – Ҳегсет (видео)

Олам

image

АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет 30 ёшдан ошган ҳарбий хизматчилар йиллик тиббий кўрик доирасида тестостерон етишмовчилиги бўйича текширувдан ўтказилишини маълум қилди. Бу ҳақда Ҳегсет X ижтимоий тармоғида эълон қилган видеомурожаатида сўз очди.

Мудофаа вазирининг видеомурожаатида ушбу дастур ҳарбийларнинг “ўз вазифаларини энг юқори даражада бажариши учун тестостерон миқдори етарли бўлишини таъминлаш” мақсадида жорий этилаётгани айтилган. 

Янги тартибга кўра, тестостерон даражаси паст аниқланган ҳарбийларга ихтиёрий асосда гормон алмаштириш терапияси таклиф этилади. 30 ёшгача бўлган ҳарбийлар учун эса бундай текширув ихтиёрий ҳисобланади.

Ҳегсет текширувлар аёл ҳарбийларга ҳам татбиқ этиладими-йўқми, бу ҳақда аниқлик киритмаган. Унинг таъкидлашича, дастурнинг мақсади сунъий равишда жисмоний кўрсаткичларни ошириш эмас, балки ҳарбийларнинг узоқ муддатли саломатлигини сақлашдир.

Пентагон вакили Шон Парнелл мазкур тартиб дарҳол кучга киришини билдирган. Унинг сўзларига кўра, 30 ёш ва ундан катта бўлган барча фаол хизматдаги ҳамда захирадаги ҳарбийлар учун тестостерон етишмовчилиги бўйича текширув мажбурий бўлади.

“Ушбу дастур вазирликка ҳарбийларнинг соғлиғи бўйича тўлиқ базавий маълумотларни шакллантириш ва зарур ҳолларда мақсадли тестостерон терапиясини таклиф этиш имконини беради. Бу эса жангга тайёр ва самарали ҳарбий кучни сақлаб қолишга хизмат қилади”, деган Парнелл.

Пентагондан эркак ва аёл ҳарбийлар бир хил тартибда текшириладими, шунингдек, перименопауза давридаги аёлларга эстроген терапияси таклиф этиладими, деган саволларга изоҳ берилмаган.

Иллинойс штатидан демократ сенатор, Ироқ уруши ветерани Тэмми Дакворт гормонлар бўйича текширувлар эркаклар билан бир қаторда аёл ҳарбийлар учун ҳам жорий этилиши лозимлигини билдирган. Пенсилваниядан Конгресс аъзоси ва АҚШ Ҳаво кучлари ветерани Крисси Ҳулахан эса мазкур ташаббусни Пит Ҳегсетнинг “маданий урушларга оид навбатдаги қизиқиши” деб баҳолаган.

Мутахассиснинг қайд этишича, гормон алмаштириш терапияси мушак массасини ошириш, ёғ тўпланишини камайтириш, депрессия хавфини пасайтириш ҳамда вақт ўтиши билан суяк зичлигини яхшилашга ёрдам бериши мумкин. Шу билан бирга, у тестостеронни ҳар ким ҳам қабул қилиши мумкин эмаслигини огоҳлантирган. Хусусан, ёш эркакларда бундай терапия бепуштликка олиб келиши мумкин. Шунингдек, юрак-қон томир касалликлари хавфи ҳам ошиши эҳтимоли мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада трансгендерларнинг аёллар мусобақаларида иштирок этмаслигини таъминлаш учун чоралар кўришга ваъда берган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг