Уруш бўлмайди! Эронга қўшин киритиш керак – Трамп
Олам
−
08 Январь 2020
19829Аввалроқ, Вашингтон вақти билан соат 11:00 да (Тошкент вақти билан 21:00) Оқ уй Эроннинг АҚШ ҳарбий базаларига ҳужум бўйича расмий баёнот беришини маълум қилгандик.
Айни вақтларда АҚШ Президенти Дональд Трамп ҳодиса юзасидан халқига мурожаат йўллаб, Эроннинг Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ҳужумида ҳеч ким ҳалок бўлмаганини маълум қилди. Шунингдек, Эрон чекингани ва бу бутун дунё учун яхши эканини таъкидлади.
"АҚШ зудлик билан Эронга қарши янги иқтисодий санкциялар жорий қилади. Кафил давлатлар тан олиши керак, Эрон билан келишув устида иш олиб бориш вақти келди. АҚШ ўз ҳарбий кучидан фойдаланишни истамаяпти. Иқтисодий потенциал Эронни тийиб туриш учун энг яхши фактор", дейди Трамп баёнотида.
АҚШ Президенти Эронни терроризмнинг асосий ҳомийси эканини яна бир бор таъкидлади.
"Сулаймоний ёмон, у террорчиларни тайёрларди ва ўлимни аллақачон ҳақ этганди. Эрон ҳужумларни ва ядро дастурини тўхтатиши шарт. Бундан ташқари, мамлакатда барча дунё давлатлари кучлари мавжуд бўлиши керак, жумладан, Россиянинг ҳам", деди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 январь куни Ироқ пойтахти Бағдод шаҳрида эронлик генерал Қосим Сулаймоний АҚШ ҳужуми вақтида ўлдирилди. Шундан сўнг Эрон-АҚШ муносабатлари кескин тус олиб, очиқ таҳдидлар янграй бошлади. Эрон Олий раҳбари оятулло Али Ҳомайний Америкадан қасос олишга ваъда берди. Ўша куниёқ Ироқдаги АҚШ элчихонаси ва Бадал авиабазаси ҳужумга учради.
Бугун тунда эса Ироқ ғарбидаги Айн ал-Асад ҳарбий-ҳаво базаси ва Эрбилдаги база Эрон ҳужумига учради. Ҳодисада ҳалок бўлганлар ҳақида турли маълумотлар берилди. Эрон ОАВ ҳужумда 80 киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Аммо CNN телеканали ракета ҳужумида қурбонлар бўлмаганини очиқлади.
LiveБарчаси