АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига илк бор аёл киши раҳбар бўлиши мумкин
Олам
−
22 Июль 2023
4570АҚШ Президенти Жо Байден тарихда илк бор аёл кишини ҳарбий-денгиз кучлари штаб бошлиғи лавозимига номзод қилиб кўрсатди. Бу ҳақда Оқ уй маъмуриятининг баёнотида маълум қилинган.
Қайд этилишича, адмирал Лиза Франкеттининг номзоди АҚШ Сенати томонидан тасдиқланиши керак. Агар сенаторлар уни бу лавозимга муносиб деб топса, у тарихда қолади.
Маълумот учун, Лиза Франкетти АҚШ тарихидаги иккинчи адмирал аёл ҳисобланади. У 1985 йилдан бери денгиз флотида хизмат қилиб келмоқда. У АҚШнинг Ўрта Ер денгизидаги олтинчи флоти, Кореядаги АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги ва Бирлашган стратегия ва режалаштириш бўлимида хизмат қилган. Ҳозирда Лиза денгиз флоти оператив бўлими бошлиғи вазифасини бажариб келмоқда.
Шунингдек, Байден Франкеттидан ташқари денгиз операциялари қўмондони ўринбосари лавозимига вице-адмирал Жеймс Килбини, Ҳинд-Тинч океани қўмондонлиги лавозимига адмирал Самуэь Папарони номзод қилиб кўрсатган. Ҳар иккала ҳарбий хизматчи ҳам АҚШ денгиз флотида катта тажрибага эга.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари штабининг ҳозирги раҳбари адмирал Майкл Гилдай ҳисобланади. У ушбу лавозимга 2019 йил 22 августида тайинланган эди. Иш стажига кўра, у истеъфога чиқиш арафасида турибди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг июль ойи бошида Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 44 ёшли Ҳафиза Гае Эрканни илк бор мамлакат марказий банки раҳбари этиб тайинлаганди.
LiveБарчаси