Афғонистондаги гиёҳвандлар шифохонаси бомбаланди. 400 дан ортиқ бемор ҳалок бўлди
Олам
−
17 Март 4558 2 дақиқа
Кеча, 16 март куни Афғонистоннинг Қобул шаҳридаги гиёҳвандлар даволанаётган шифохонага бир нечта бомбалар билан зарба берилди ва оқибатда у ерда даволанаётган 400 дан ортиқ бемор ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Roya News” хабар берди.
“Толибон”нинг таъкидлашича, Қобулга берилган зарбалар оқибатида гиёҳвандликка қарши даволаш клиникаси вайрон қилинган, оқибатда 400 киши ҳалок бўлган ва яна 250 киши жароҳатланган.
Покистон эса фуқаролик объектига ҳужум қилинганини инкор этмоқда. Покистоннинг ахборот ва телерадиоэшиттириш вазири Аттоулло Тарарнинг бугун, 17 март куни Х ижтимоий тармоғида ёзишича, “Солиҳ ғазаб” номли операция доирасида зарбалар фақат “Толибон”нинг ҳарбий объектларига қаратилган.
Унинг айтишича, Қобулдаги икки объект йўқ қилинган, у ерда ўқ-дори омборлари ва техник таъминот инфратузилмаси мавжуд бўлган.
Шу билан бирга, Афғонистон шарқидаги Нангарҳор вилоятида Покистон Қуролли кучлари “Толибон”нинг тўртта ҳарбий объектига ҳужум қилган. Оқибатда техник ва логистика инфратузилмаси ҳамда ўқ-дорилар йўқ қилинган.
“Толибон” режими тарғиботчиларининг ёлғон даъволари афғон халқини ҳам, бутун дунёни ҳам алдолмайди ва уларнинг минтақада терроризмни қўллаб-қувватлаш ҳамда молиялаштиришдаги жирканч ҳаракатларини яшира олмайди”, дейилади Покистон баёнотида.
Ҳозирча томонларнинг баёнотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш имкони бўлмаган. БМТнинг Афғонистон бўйича махсус маърузачиси Ричард Беннетт эса Х ижтимоий тармоғида Покистоннинг Афғонистонга берган ҳаво зарбалари ва улар оқибатидаги қурбонлар ҳақидаги хабарлардан “чуқур ларзага тушганини” ёзган.
Покистон ва Афғонистон ўртасидаги можаро
Илгари иттифоқчи бўлган бу икки давлат ўртасидаги кескинлик Покистон Афғонистондан “Толибон” ҳаракатига қарши чоралар кўришни талаб қилганидан кейин кучайди.
2025 йилнинг 9 октябрь куни Қобулда икки портлаш содир бўлган ва “Толибон” бунинг учун Исломобод (Покистон пойтахти)ни айблаган. Шундан сўнг афғон қўшинлари чегара пунктларида покистонлик ҳарбийларга қарата ўт очган. Бунга жавобан Покистон армияси оғир артиллерия, танклар, дронлар ва қирувчи самолётлар билан зарба берган.
Тўқнашувлар 2025 йилнинг октябрь охиригача давом этган. Кейин томонлар Қатар ва Туркия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган, бироқ кейинги музокаралар тинчлик келишувига олиб келмаган.
Жорий йилнинг февраль ойи охирида Покистон Афғонистоннинг бир нечта шаҳарларига, жумладан Қобулга ҳам ҳаво зарбалари берган. Покистон Мудофаа вазири Хўжа Осиф ўшанда бир неча ойлик тўқнашувлардан сўнг кескинлик “очиқ уруш” даражасига етганини айтган.
Live
Барчаси